Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига доир кодекс ишлаб чиқилади. Бунда, ўзбек халқи ва халқаро ташкилотларнинг фикр ва таклифлари, тавсиялари инобатга олинади, деб Сенат раиси сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

«Эндиликда, фуқаролик жамияти институтлари юксакликда бўлади. Биз ҳар доим уларнинг фикрларини инобатга оламиз, дея оламан. Мен бу гапларни давлат раҳбари номидан айтаяпман, десам ҳам бўлади. Чунки, у ўз мурожаатида шундай фикрни билдирди. Президент Жамоатчилик палатаси ташкил этилишини ва ҳар бир инсон овози тингланишини, давлат халқ манфаатларига хизмат қилишини айтган эди. Шу боисдан ҳам давлат раҳбаридан тортиб барча даражадаги раҳбарлар жойларга чиқиб, фуқаролар билан учрашмоқда, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда. 

Айтмоқчи бўлганим, фармон ва қарорлар, йўл хариталари фуқаролар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинмоқда. Мен Сенатнинг янги раиси сифатида ваъда бера оламан, Сенат парламент Қуйи палатаси билан ҳамкорликда қатъий парламент назоратини ўрнатади, махсус комиссия тузилади, ҳокимликлар ва бошқа идоралар меҳнатга оид қонун талабларига риоя қилиниши бўйича парламентга ҳисобот беради. 

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари бўйича фуқаролик жамияти институтларининг кодекси ишлаб чиқилади. Мен шу масалада бир қанча элчилар билан суҳбатлашдим. Улар, бу кодексда айрим халқаро меъёрлар инобатга олинмагани, баъзи бир ҳолатлар киритилмагани юзасидан ўз хавотирларини билдиришди. 

Шуни айта оламанки, бу кодекснинг лойиҳа намунасидир. У, албатта, барча халқаро ташкилотлар, элчихоналарга юборилади. Фақатгина уларнинг тавсиялари олингандан кейингина ушбу кодекс умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Яъни, халқ билан келишмасдан, халқаро ташкилотлар фикрларини инобатга олмасдан бу кодекс қабул қилинмайди», - деди Танзила Норбоева.