Тожикистон Мажлиси Олий Мажлиси Миллий раиси Рустам Имомали бошчилигидаги делегация 4 ноябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашув ўтказилиб, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Сенат

Ташрифнинг дастлабки қисмида делегация вакиллари «Янги Ўзбекистон» боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Шунингдек, «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш» дирекцияси фаолияти билан танишди. Янги Ўзбекистон университети ҳамда Ислом цивилизацияси марказига ташриф давомида мамлакатимизда таълим ва илм-фан ҳамда бой тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва дунёга танитиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Сенат

Шундан сўнг, Танзила Норбоева ва Рустам Имомали бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.

Фото: Сенат

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт ва чегараолди инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Фото: Сенат

Томонлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, таълим ва инновация соҳалари ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини ҳам қайд этди.

Фото: Сенат

Учрашув якунида Олий Мажлис Сенати ва Тожикистон Мажлиси Олий Мажлиси Миллий ўртасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Ушбу ҳужжат парламентлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, қардош мамлакатлар стратегик шериклигини янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.