Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Чо Чжон Шикнинг таклифига биноан ушбу мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Ташриф доирасида 9 ноябр куни Сенат раиси Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея раҳбарига самимий саломи ва эзгу тилаклари етказилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Асосий эътибор қиймати қарийб 12 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди. Хусусан, саноат кооперациясини кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини қонунчилик жиҳатидан таъминлаш, парламент назоратини кучайтириш ва икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувда таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилди. Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари учун муносиб шароитлар яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Жанубий Корея стартаплари Ўзбекистонга жалб қилиниши мумкин

Расмий ташриф давомида Ўзбекистон парламент делегацияси Сеул шаҳридаги Seoul Startup Hub Gongdeok стартапларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Ким Чон У билан ҳам музокара ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва икки мамлакат технологик компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ким Чон У Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун яратилган шароитлар, малакали IT-мутахассислар салоҳияти, хорижий стартаплар учун жорий этилган соддалаштирилган виза тартиблари ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини юқори баҳолади.

Музокараларда Жанубий Корея стартапларини Ўзбекистонга жалб этиш, қўшма технологик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.