Пайариқ туманининг Аламли қишлоғи тоғ-адирлар орасида жойлашган, Нурота тоғ тизмаларига кирувчи бу ҳудуддаги тоғни айримлар «Қорача», айримлар «Қароқчи тоғи» дейишади.

Ана шу тоғлар орасида яшовчи аҳоли неча йилки аҳён-аҳёнда турли қадимий буюмлар топиб олишади. Қоятошда ўйилган ноодатий суратларга дуч келишади.

Аммо бу буюм ва суратларнинг қанчалик қийматга эга экани, тарихийлиги ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

Бундан уч ой олдин, 2019 йилнинг декабрида шу қишлоқда яшовчи Норпўлат Тўқбоев олимларга мурожаат қилади. Самарқанд давлат университети археология кафедраси мудири Н.Холматов раҳбарлигида археологик гуруҳ ҳудудда ўрганиш олиб боради.

Натижада, Aламли қишлоғидаги Ўрта ҳовуз манзилида «Мезолит-неолит» ёдгорлиги аниқланади. Ер сатҳидан 3 дона тош буюм, яъни тош ўзаги, қирғич қурол, қайроқтош бўлаги топилади. Шунингдек, сой ён дараларида кўплаб қоятош расмлар ҳам борлиги аниқланади.

Олимлар хулосасига кўра, мазкур ҳудуд тош асридан буён ўзлаштириб келинган. Матбуотда Пайариқда тош асрига оид расм ва буюмлар топилгани ҳақида эълон қилинади (Википедия маълумотларига кўра, Марказий Осиёда тош асри бундан тўрт минг йил олдин тугаган – таҳ.). Бу ёдгорлик маконида қазилма ишларини амалга ошириш, қоятош расмларини ўрганиш, қўшни сойларда ҳам кенг археологик қидирув ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги айтилади.

Яқинда бу қадимий буюмлар ҳақида олимларга илк бор хабар берган фуқаро Н.Тўқбоев таҳририятга мурожаат қилди. Унинг айтишича, ўша қадимий маданий бойликлар ҳали ҳам эътиборсиз, муҳофазасиз қолаётган, бу ҳам етмаганидек, йўқ қилинаётган экан. Kun.uz ижодий жамоаси тезда ўша манзилга етиб борди.