«Human» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаевнинг жиноий ҳаракатлари натижасида жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий зарарларни уларнинг ҳисоб рақамларига тезкорлик билан ўтказиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ, «Ипотека банк» ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларидан иборат таркибда ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, 18-19 февраль кунлари ишчи гуруҳлар томонидан иш бўйича ўтказилган ижро ҳаракатлари жараёнида 1007 нафар фуқаро ўзларига ва яқинларига етказилган зарар масаласини қайтариш масаласида мурожаат этишган.

Жабрланганларнинг 91 нафари республика ҳудудидан чиқиб кетгани аниқланиб, уларнинг яқин қариндошларига моддий зарарни қайтариш тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Қисқа муддат давомида 916 нафар ундирувчига банк хизмат ҳақи ундирилмасдан банк картаси очилиб, шундан 819 нафарига суд ҳужжатида кўрсатилган 17,2 млрд сўм пул маблағлари ўтказилиши таъминланган.

Шунингдек, банк карталарига тушган маблағларни фуқароларнинг талабларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳеч қандай банк хизмат ҳақлари ундирилмасдан нақд пул кўринишида берилмоқда.

Қолган 97 нафар ундирувчига пул ўтказишда ҳужжатларда техник хатоликлар аниқлангани сабабли, ишчи гуруҳ томонидан уларни қисқа муддат давомида бартараф этиш ва пул маблағларини ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

«Шу ўринда, моддий зарарни қайтариш масаласида мурожаат этмаган 69 нафар фуқароларимизга ҳудудларда ташкил этилган ишчи гуруҳларга мурожаат қилишлари ва етказилган зарарлар қисқа муддатда уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилишини эслатиб ўтамиз», дейилади МИБ матбуот хизмати хабарида.

Ҳудудларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари:

Эслатиб ўтамиз, «Human» бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаев ва бошқалар минглаб фуқаролардан Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олган. Бироқ амалда уларни ҳеч қаерга юбормай, жуда кўп миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, судга тортилганди.