Ўзбекистон | 17:30 / 25.02.2020
5618
2 дақиқада ўқилади

Урганчда Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги бизнес ҳамкорлик бўйича катта форум иш бошлади

25 февраль куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида «Агросаноат кооперацияси, саноат ва туризм соҳасида ҳудудий бизнеснинг ҳамкорлиги» мавзусида иккинчи ҳудудлараро форум бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Форум Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги яқин қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида ўзаро маълумот алмашиш, тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва истиқболли йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган.

Анжуманнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири ўринбосари Кайрат Торебаев, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Ғофур Жамолов, Қозоғистоннинг Смарт Сити ташкил қилиш бўйича Нур-Султон шаҳри ҳокими ўринбосари Малика Бектурова ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқишди.

Шундан сўнг, форум ўз ишини «Чегара ҳудудларида қўшма ишлаб чиқаришни ташкил қилиш орқали инвестицион ҳамкорлик қилиш», «Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг инвестицион-инновацион жозибасини ошириш», «Саноат кооперациясида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари», «Фармацевтика, енгил саноат, агросаноат соҳасидаги ҳамкорлик», «Инсон капиталининг ривожланиши», «Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги меҳнат миграциялари жараёнларини тартибга солиш», «Маданият ва туризм, инновациялар, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик» мавзуларидаги сессиялар шаклида давом эттирди.

Кейин форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг етакчи корхоналари маҳсулотларининг кўргазмасини томоша қилишди. Урганч шаҳридаги «Textile Finance Horezm» МЧЖ фаолияти билан танишишди.

26 февраль куни форумнинг якуний қисмида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин иштирок этиши кутилмоқда.

Нурмуҳамад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид