Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар беришича, мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси О.Илҳомжонов раислигида кўриб чиқилади.

Судланувчи И.Исроилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг «б» банди, 168-моддаси 4-қисмининг «в» банди, 168-моддаси 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)нинг 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)нинг 1-қисми, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисмининг «а» банди ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 3-қисмининг «а» банди билан айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган.

Судланувчилар А.Махмуталиев, Д.Қутпиддинов ва О.Саидовга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилинган ва уларга нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланган.

«Ҳар ой 8 миллион сўм кредит тўлаймиз». «Strаus House»дан норозилар сони ортмоқда

Ушбу жиноят иши бўйича 300дан ортиқ жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарлар мавжуд.

Айблов хулосаси бўйича моддий зарар миқдори 7,9 миллиард сўмдан ортиқ (7 906 800 200) бўлиб, шундан дастлабки тергов мобайнида 1,8 миллиард сўмдан ортиқ (1 845 800 000) миқдорини бартараф этиш чораси кўрилган.

Дастлабки терговда хатланган мол-мулк - 4та «Лассети», «Спарк» ва «Малибу» русумли автомашиналар баҳоланган ҳамда Юнусобод тумани Кулолқўрғон кўчасида жойлашган хонадонга тақиқ қўйилган.

«Жабрланувчилар кўплиги ва турли ҳудудлардан бўлгани боис, уларни суд мажлисларида иштирок этиши яшаш жойларидаги судлар биноларида ўрнатилган видеоконференцалоқа тизими орқали таъминланади», дейилади Олий суд матбуот хизмати ахборотида.