Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тартиби маълум бўлди
Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низом, “Стартап” лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низомга кўра, давлат буюртмаси тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари, мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳамда илмий фаолият субъектларининг ташаббуслари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари асосида шакллантирилади.
Давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъулият Инновацион ривожланиш вазирлигига юкланади.
Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни бажариш учун давлат буюртмаси Буюртмачи билан илмий-тадқиқот лойиҳаларининг ижрочи ташкилоти ўртасида шартнома тузиш орқали амалга оширилади.
Давлат буюртмаси мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш вазифалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида назарда тутилган мақсадларга эришиш учун шакллантирилади.
Давлат буюртмаси бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар йўналишлари, тематикалари ва молиялаштириш ҳажмлари Буюртмачи томонидан шакллантирилади ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини белгиланган тартибда танловдан ташқари (альтернатив лойиҳа таклифлари мавжуд бўлмаганда) ёки танлов асосида (альтернатив лойиҳа таклифлари ичидан) саралаб олиш учун асос бўлади.
Буюртмачи давлат буюртмасини бажариш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари танловини белгиланган талаблар асосида эълон қилади.
Эълонлар Буюртмачининг расмий веб-сайтига аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилган ҳолда жойлаштирилади.
Фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
табиат, жамият, инсон, онг ва сунъий равишда яратилган объектларнинг тузилиши, фаолияти ва ривожланишининг асосий қонуниятларини очишга қаратилган янги билимларни эгаллаш;
илм-фаннинг муайян соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини назариялар, тушунчалар, методологиялар, усуллар, тавсиялар шаклида қўллаш мақсадида тадқиқ этиш;
илм-фан назарияси ва методологиясини бойитишга, келгусида бажариладиган амалий тадқиқотлар ҳамда уларни амалий қўллашга қаратилган инновация ишлари учун асос сифатида хизмат қилиш.
Фундаментал лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати беш йилгача бўлиши мумкин.
Фундаментал лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.
Амалий илмий-тадқиқот лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
ишлаб чиқариш ва/ёки ижтимоий, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида янги конструкциялар, материаллар, усуллар, хизматларни яратишга ёки мавжудларини такомиллаштиришга хизмат қилиши;
иқтисодиётнинг реал секторини шакллантиришга кўмаклашиш, ишлаб чиқариш соҳасида энергия ва ресурсларни тежашни таъминлаш, миллий иқтисодиёт субъектлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг инновацион таркибини ва қўшимча қийматини ошириш;
юқори технологияли маҳсулотлар намуналарини тайёрлаш ва/ёки ишланмаларнинг техник ва технологик синовларининг натижалари ва/ёки олинган илмий-техник натижани иқтисодиётнинг реал секторига жорий қилиш;
илмий-техник маҳсулотлар ва унга илмий-техник ҳужжатлар тўпламини, шу жумладан лойиҳалаш ҳужжатларини ва/ёки технологик ҳужжатларни тасдиқлаш, лаборатория қоидалари ва/ёки техник шартлар ва паспортлар, шунингдек, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқиш.
Амалий лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати уч йилгача бўлиши мумкин.
Амалий лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.
Инновацион лойиҳалар қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
аввал бажарилган фундаментал ва амалий тадқиқотлар асосида маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган янги маҳсулот ва технологияларни яратиш, мавжудларини сифат жиҳатидан такомиллаштириш, таннархини пасайтириш, меҳнат бозорида янги иш ўринларини яратишни таъминлаш;
кейинчалик улардан амалиётда фойдаланиш мақсадида амалга ошириладиган конструкторлик, тажриба намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ тажриба-конструкторлик ишларини бажариш;
юқори технологияга асосланган маҳсулотлар намуналари ёки прототипларини яратиш ва/ёки тажриба-лаборатория технологиясини татбиқ этиш, илмий ҳажмдор маҳсулотни ишлаб чиқаришга тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўллаш учун янги турдаги хизматларнинг тажриба-синовини ўтказиш (соғлиқни сақлаш, банк-молия сектори ва бошқалар).
Инновацион лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати икки йилгача бўлиши мумкин.
Инновацион лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.
Илмий-тадқиқот лойиҳаларига ташкилотлардан тақдим этиладиган аризалар Буюртмачи томонидан рўйхатдан ўтказилиб, идентификация рақами олингандан сўнг қабул қилинади. Рўйхатдан ўтиш тартиби ва ижрочи ташкилотларга қўйиладиган талаблар Буюртмачи томонидан белгиланади ва Буюртмачининг расмий веб-сайтида ва/ёки зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Мавзуга оид
09:45 / 30.05.2026
Илмий даража беришда қатор талаблар бекор қилинади
17:27 / 29.05.2026
Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади
08:43 / 29.05.2026
Олий аттестация комиссияси Фанлар академияси тизимига ўтказилди
11:12 / 26.05.2026