2026 йилги мавсум ғолиблари 5–12 октябр кунлари эълон қилинди. Олти йўналишдаги мукофот олимлар, шоира ва ҳуқуқшуносга насиб этди. Тинчлик мукофотига Ғазода геноцид содир этилган, деган хулосага келган БМТ комиссияси раҳбари муносиб кўрилди. Бу сафар ҳам мукофотдан қуруқ қолган президент Трамп Нобел қўмитасини кескин танқид қилди. Мукофотлар ўз эгаларига 10 декабр — Алфред Нобел вафот этган куни Стокголм ва Осло шаҳарларида топширилади.

Нобел лауреатлари ва номзодлар қандай танланади?

Нобел танлови очиқ конкурс эмас: унга ариза топшириб ёки ўзини ўзи кўрсатиб бўлмайди. Физика, кимё ва иқтисодиёт бўйича лауреатларни Швеция Қироллик Фанлар академияси, физиология ёки тиббиёт бўйича Каролинска институтининг 50 профессордан иборат Нобел ассамблеяси танлайди. Адабиёт бўйича ғолибни 18 аъзоли Швеция академияси танлайди. Тинчлик мукофотини эса Нобел васиятига кўра Норвегия парламенти тайинлайдиган беш кишилик Нобел қўмитаси беради.

Фан ва адабиёт йўналишларида номзодни таклифнома олган академия аъзолари, аввалги лауреатлар ва соҳа профессорлари, адабиётда эса ёзувчилар уюшмалари раислари ҳам кўрсата олади. Тинчлик мукофотида доира кенгроқ: парламент ва ҳукумат аъзолари, давлат раҳбарлари, тарих, ҳуқуқ ва фалсафа профессорлари каби ўн минглаб киши номзод кўрсатишга ҳақли.

Номзодлар номи 50 йил сир сақланади. Битта мукофот кўпи билан уч кишига берилади. Лауреат диплом, ўртача 175 граммли олтин медал ва пул мукофотини олади. 2026 йилда мукофотнинг 125 йиллик юбилейи муносабати билан Нобел жамғармаси ҳар бир мукофот миқдорини 11 миллиондан 12 миллион Швеция кронасига оширди. Бу тахминан 1,2 миллион АҚШ долларига тенг.

6 йўналиш ва 10 ғолиб

  1. Физиология ёки тиббиёт соҳаси

Мукофотлар ҳафтасини анъанага кўра тиббиёт йўналиши очди: 5 октябр куни Каролинска институти мукофот «нур ёрдамида очиладиган ион каналлари ва оптогенетика соҳасидаги кашфиётлар учун» берилганини маълум қилди.