Снилов натижалари TWAS аъзоларининг овоз бериши асосида аниқланган. Шаҳло Турдиқулова академиянинг олти нафар вице-президентидан бири сифатида 2027 йил 1 январдан вазифасини бажаришга киришади. У 2025 йилдан буён ташкилот аъзоси ҳисобланади.

TWASʼнинг янги кенгашига Хитой Фанлар академияси президенти Хоу Сзянго раҳбарлик қилади. Турдиқулова кенгаш таркибида академиянинг стратегик йўналишларини белгилаш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашда иштирок этади.

Бутунжаҳон фанлар академияси 112 мамлакатнинг етакчи тадқиқотчиларини, жумладан, Нобел мукофоти лауреатларини бирлаштиради. Ташкилот 1983 йилда физика бўйича Нобел мукофоти соҳиби Абдус Салам ташаббуси билан тузилган.

ЮНЕСКОнинг дастурий бўлинмаси ҳисобланган академиянинг бош қароргоҳи Италиянинг Триэст шаҳрида жойлашган. У ривожланаётган мамлакатларда илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлайди, тадқиқотларга грантлар ажратади, илмий кадрлар тайёрлаш ва тадқиқот марказлари ўртасидаги алмашинувларга кўмаклашади.

Биология фанлари доктори Шаҳло Турдиқулова биотехнология, биокимё ва инсон генетикаси соҳаларида фаолият юритади. У Илғор технологиялар маркази директори ҳам ҳисобланади.

Олима докторлик диссертациясини тайёрлаш давомида Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг мембрана биологияси лабораториясида тадқиқотлар олиб борган. 2025 йилда Оксфорд университетининг ташкилий етакчилик бўйича дипломини олган.

Унинг илмий ишлари Марказий Осиё аҳолиси генетикасини ўрганиш ва Ўзбекистонда биотехнологияларни ривожлантириш билан боғлиқ. Турдиқулова раҳбарлигида COVID-19ʼни аниқлаш учун илк маҳаллий ПЗР-тест тизими ҳамда Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигидаги ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ишлаб чиқилган.

Унинг TWAS раҳбариятига сайланиши минтақа илмий ташаббусларини халқаро даражада илгари суриш ва ёш олимларнинг академия дастурларидаги иштирокини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратиши кутилмоқда.