Жамият | 16:30 / 24.03.2020
8487
3 дақиқада ўқилади

Карантинга олинган ходимларга ижтимоий суғурта нафақаси тўланади

Бугун, 24 март куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида ташкил этилган махсус штабда Адлия вазирлиги томонидан карантин даврида фуқаролардан тушган мурожаатларга жавоб берилди.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева карантинга олинган ходимга меҳнат нафақаси тўланиши ҳақида батафсил маълумот берди.

«Меҳнат кодексига кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа берилади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади.

Бундай нафақанинг энг кам миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг (679 минг 330 сўм) 35,2 фоизидан, яъни 239 минг 124 сўмдан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Карантин бўйича қабул қилинган президент фармонига кўра, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган фарзандини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади», дея Ўринбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У коронавирусни қасддан тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.

«Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни содир этиш жавобгарликка жиноий сабаб бўлади», дейди у.

Жиноят кодексига кўра:

  • қасддан баданга оғир шикаст етказиш – 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш – 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • ҳақорат қилиш – Базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид