Ўзбекистон | 21:03 / 25.03.2020
13837
2 дақиқада ўқилади

Инқирозга қарши жамғарма асосан ташқи қарзлар ҳисобига шакллантирилмоқда

Ўзбекистонда Инқирозга қарши курашиш жамғармасини шакллантиришда асосан ташқи манбаларга урғу берилмоқда.

Фото: Paul Yeung/Blomberg

Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозорига оид ахборотида айтилган.

Жамғармага 10 триллион сўм йўналтирилиши эълон қилинган бўлиб, бу – жорий расмий курсда 1 миллиард доллардан бироз кўпроқни ташкил этади.

Президент фармонига асосан, айнан 1 млрд долларгача ташқи қарз маблағларини жалб қилиш режалаштирилган.

Аввалроқ Молия вазири Тимур Ишметов халқаро молия ташкилотлари маблағларини олишда «ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги»ни айтган эди. У бу борадаги музокаралар бошланганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жамғарма маблағларидан коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатишда фойдаланилади. 10 триллион сўм қуйидаги йўналишларга тақсимланиши кўзда тутилмоқда:

  • 1 трлн – коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш;
  • 5 трлн – тадбиркорликни, аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, инфратузилмавий лойиҳалар ва инвестиция дастурларини амалга ошириш;
  • 0,7 трлн – аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш;
  • 2,7 трлн – иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш.

Мавзуга оид