Ҳозир кўп оилаларнинг барча аъзолари кунни уйда бирга ўтказишяпти. Чунки катталар масофадан ишлашмоқда, болалар эса таълимни уйда – онлайн дарслар орқали олишмоқда. Бу жараёнга тўғри ёндашилса, карантин даврини нафақат мароқли ўтказиш, балки ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни ҳам яхшилаш мумкин.

Коронавирус ҳақидаги салбий фикрларни камайтиринг

Болаларни янгиликлар ва дўстлари орқали эшитадиган ҳикоялар қўрқитиши мумкин. Уларнинг барча саволларига жавоб беринг ва бу касалликдан қандай ҳимояланишни айтинг. Ўсмирлар ва талабалар билан бўладиган суҳбат бироз мураккаб кечишига тайёр туринг: уларнинг кўпчилиги дарсларнинг бекор бўлишини дўстлари билан учрашиш имконияти сифатида қабул қилишлари ва учрашувлар хавфли бўлса ҳам уйда қолишни истамасликлари мумкин.

Оиланинг барча аъзолари учун ёқимли бўлган машғулотларни ўйлаб топинг

Одамлар кўпинча оилавий машғулотларга вақт етмаслиги ҳақида нолишади. Карантин – ёқимли машғулотлар билан шуғулланиш учун энг қулай пайт. Бу вақтда биргаликда ширинликлар пиширишингиз, стол ўйинларини ўйнашингиз, фильмлар томоша қилишингиз мумкин.

Жадвал тузинг

Уйқу, овқатланиш, дам олиш, ишлаш ва онлайн дарслар учун вақт ажратинг. Жадвал қатъий бўлиши шарт эмас. Бироқ кеч тушгунига қадар уй ишларини бажариш каби муайян мақсадларнинг белгиланиши кўнгилочар машғулотлар учун кўпроқ вақт ажратишга имкон беради. Болаларга онлайн дарсларни ўзлаштириш режимига ўтиш учун мактаб учун кийингандек кийиниш, сочларни тараш керак бўлади.

Жисмоний машқлар билан шуғулланинг

Оилангизнинг барча аъзоларига керак бўлганингизда машқлар учун вақт ажратиш қийин. Бироқ ҳатто 20 дақиқалик жисмоний машқлар ҳам кун давомида ўзингизни яхши ҳис этишга ёрдам беради.

Иш жойини ўзингизга мослаштиринг

Агар ишлаш учун алоҳида хонангиз бўлмаса, бунинг учун қулай жой ажратинг. Бу яхлит хона ёки бурчакда турган стол бўлиши мумкин. Бу жойни ўзингиз учун қулайлаштиринг: у ерга ёруғлик тушиб турсин ва стол устига ўзингиз ёқтирган хона гули ёки ёқимли суратни қўйинг.

Турмуш ўртоғингиз билан вақтни шундай тақсимлангки, ишга оид суҳбатлар ва электрон хатларга жавоб бериш имкониятингиз мавжуд бўлсин. Фарзандини ёлғиз катта қилаётган одамлар каттароқ фарзандларига ёрдам сўраб мурожаат этишлари мумкин. Ёдингизда бўлсин, зарурият туғилганида болаларни мультфильм билан машғул қилиш мумкин.