10:47 / 21.04.2020
5938

Ноутбук сумкасига яширилган опий фош қилинди

Автомашина салонидаги ноутбук сумкасида полиэтилен  пакетга ўралган 202,7 гр.“опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши мунтазам кураш олиб борилмоқда – дея маълумот берилади Божхона қўмитаси хабарида.

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Давлат хавфсизлиги хизмати вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида тезкор тадбир ўтказишди.

Тезкор тадбир давомида Чилонзор туманида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро С.С. бошқарувидаги “Ласетти” русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина салонидаги ноутбук сумкасида полиэтилен  пакетга ўралган 202,7 гр.“опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. 
Юртимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб борилаётган синовли кунларда, ушбу шахс қонун-қоидаларни менсимасдан автомашинани ноқонуний равишда бошқариб, жиноят содир этганлиги ачинарлидир. 

“Қилмиш-қидирмиш” деганларидек, энди ушбу шахс ўз қинғирликлари учун қонун олдида жавоб беради.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top