Жаҳон | 07:56 / 22.04.2020
26534
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги маълумотларга муносабат билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги маълумотларга муносабат билдириб, улар ҳеч ким томондан тасдиқланмаганини айтди.

Фото: Reuters / Leah Millis

“Мен унга соғлиқ тилайман, чунки агар у янгиликларда айтилаётгандек ҳолатда бўлса, бу жуда жиддийдир”, деб айтган Трамп Оқ уйдаги брифингда.

“Ҳеч ким буни тасдиқламади. CNN’нинг хабарларига унча ҳам ишонмайман”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти.

Трамп бу вазиятда Ким Чен Ин билан боғланиб кўришга ҳаракат қилишини айтган. 

“Ким Чен Ин билан яхши муносабатдаман. Бу бутун мамлакатга фойдалидир. Мен у билан барчаси яхши бўлишини истайман”, деб таъкидлаб ўтган Оқ уй раҳбари.

Трамп журналистларнинг Шимолий Кореяда ҳокимият топширилиши мумкинлиги ҳақидаги саволларига жавоб беришдан қочган. “Ундан бу ҳақда сўрамоқчимасман”, деб жавоб қилган Трамп.

Аввалроқ CNN телекомпанияси АҚШ маъмуриятидаги манбага таяниб, АҚШ Ким Чен Ин соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги разведка маълумотларини ўрганаётганини маълум қилган. Бироқ нашр бу маълумотнинг ҳеч қандай тасдиғини келтирмаган. 

Ўз навбатида, Жанубий Корея расмийлари Ким Чен Ин бетоблиги ҳақида маълумотларга эга эмасликларини маълум қилишган. Шунингдек, Хитой ташқи ишлар вазирлигида ҳам CNN’нинг манбасига шубҳа билдирилган. 

Мавзуга оид