Жаҳон | 18:36 / 23.04.2020
7630
2 дақиқада ўқилади

Вьетнамда бир ҳафта давомида ҳеч ким коронавирусга чалинмаганидан сўнг карантин чоралари бекор қилинмоқда

Мамлакатда 268 киши коронавирусга чалинган бўлиб, улардан 216 нафари соғайган, коронавирусдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Фото: REUTERS/Kham

Вьетнамда 23 апрелдан бошлаб коронавирус тарқалиши сабабли жорий этилган чекловлар олиб ташланмоқда, деб хабар берди маҳаллий ОАВ мамлакат бош вазири Нгуен Суан Фукка таяниб.

Вьетнамдаги аксарият шаҳарларда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятларга нисбатан киритилган чекловлар олиб ташланмоқда, дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар очилмоқда. Аммо шу билан бирга, аҳоли инфекция тарқалишининг олдини олиш чораларига амал қилиши лозим. 

Бош вазир аҳоли жамоат жойларида ниқобда юриши, ижтимоий масофа сақлаши ва гавжум жойларда юрмаслиги кераклигини айтди.

Шунингдек, мамлакат ичидаги барча маҳаллий парвозлар тикланади. 

Пойтахт Ханой, Бакнинь ва Хазянг провинциялари ҳамда Хошимин шаҳрида айрим чекловлар сақланиб қолади. Ханойнинг айрим туманларида карантин чекловлари 30 апрелгача амал қилади.

Вьетнамда бир ҳафтадан буён коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмади.

Мамлакатда 268 киши коронавирусга чалинган бўлиб, улардан 216 нафари соғайган, коронавирусдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Вьетнамда 1 апрелдан умумий карантин жорий этилганди.

Мавзуга оид