Том маънодаги қайноқ ҳафта: Ўзбекистоннинг жазирама рекорди янгиланишига бир бахя қолди. 5 минг нафар ўзбек Беларусга юборилади: биринчи бўлиб борганлар саргузаштларга дуч келди. Ҳукумат пенсия ислоҳотига тайёрланмоқда: лойиҳанинг айрим тафсилотлари маълум. Дўрмон йўлида мудҳиш авария: ПДХХ раиси лавозимидан олинди.

Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистонда чилла

Бутун ҳафта мобайнида ўзбекистонликлар термик депрессиянинг айни авжини бошдан кечирди. Кўплаб ҳудудларда тарихий рекорд даражага яқин ҳароратлар қайд этилди. Хусусан, республикамизнинг энг қайноқ нуқтаси – Қизилқум чўлида 17 июл соат 17:00 ҳолатига ҳаво ҳарорати 48,7 даражага етди. Таққослаш учун, Ўзбекистон ҳудудида кузатувлар тарихидаги энг иссиқ об-ҳаво 1983 йилда, 49,8 даража билан айни шу ҳудудда қайд этилган.

Пойтахт Тошкентда ҳам 44,6 даражали мутлақ рекорд янгиланишига қарийб 1 даража етмади: жума куни соат 17:00 ҳолатига шаҳарда ҳаво ҳарорати 43,2 даражагача кўтарилди. Бу вақтда Термиз ва Бухоро шаҳарларида 45, Қаршида эса 44 даража иссиқ ҳукм сураётганди.

Одамлар орасида кенг тарқалган: “Расмий рақамлар ҳолва, аслида 50-60 даражагача исияпти” деган фикрга келсак, “Ўзгидромет” бу борада изоҳ берди. Метеорологларга кўра, автомобиллардаги сенсорлар ҳаво ҳароратини эмас, кўпроқ қизиб турган асфалт юзасидаги ҳароратни кўрсатади. Маиший термометрлар ҳам агар бирор предметнинг юзасига яқин жойда ёки бевосита қуёш нури остида ишлатилса, объектив натижани бермайди. Расмий об-ҳаво кўрсаткичлари эса қатъий халқаро стандартлар асосида ўлчанади: бунда ҳарорат ўлчагич ўтлоқ жойда, ер сатҳидан 2 метр баландликда жойлашган ёғоч қути ичига ўрнатилган бўлиб, унинг ён томонлари жалюзи кўринишида экани – қутининг ичида ҳаво айланиб туриши ва қуёш нури тўғридан тўғри тушмаслигини таъминлайди.

Ҳафта давомида жазирама туфайли республиканинг кўплаб ҳудудларида боғчалар фаолияти