Газеталар керак, лекин «газета»лар керак эмас
Бу мавзу ҳар замонда бир кўтарилиб туради ва баҳслар анча вақт давом этади. Охири ҳамма ўз фикрида қолади, айтарли ҳеч нарса ўзгармайди ва маълум муддат муҳокамалар тўхтайди. Қизиғи, газеталар яна бир муаммога дуч келганда, ёки уларнинг вазияти очиқ гапирилганда яна қўзғалади.
Газетачиларнинг бир муаммоси бор – бу мавзуни жуда оғриқли қабул қилишади ва дарҳол зирҳли қалқон орқасига ўтиб олишади. Уларнинг наздида газета тизими шу ҳолга тушишига ҳамма айбдор – давлат, обуна бўлмаган ўқувчи, пул бермаган вазир, қурумсоқ муассис, маънавиятдан узоқлашган ўқитувчи, магазинчи Ғайбулла ва ҳоказо. Зинҳор шу газетанинг бош муҳаррирларию мутасаддилари эмас!
Кечирасиз, танангизга ўйлаб кўринг, шунча одамга керак бўлмаган нарсани нега сиз эрталаб ишга бориб, кечга қайтишингиз, бош муҳаррир деган номни сақлаб туришингиз ва ой охирида ҳаминқадар маошингизни олишингиз учун сақлаб туриш керак? Нега?!
Келинг, негалигини бирма-бир таҳлил қиламиз.
Масаланинг моддий жиҳати
Газеталарнинг моддий жиҳатдан мураккаб вазиятга тушиб қолганини ўзингиз биринчи ўринда тан оласиз ва бонг урасиз. Нечтаси чоп этилмай ҳам қолди. Хўп, ана шундай вазиятда биринчи навбатда сиз ўзингиз уйингиз ёки машинангизни сотиб, таҳририятнинг кам-кўстига сарфлай оласизми? Ҳаётда қилмагансиз, ҳозир ҳам қилмайсиз ва катта эҳтимол билан келажакда ҳам бундай қаҳрамонликни кутиш қийин.
Хўш, биринчи навбатда ўзингиз борингизни тикмайдиган соҳага нега бошқалар жон куйдирмагани учун ёзғирасиз?
Фақат «давлат тиббиётни, таълимни таъминлаяптику» дея ўзингизни алдаманг. Газеталар давлат мафкурасининг асосини халққа сингдириб, бир рамкада ушлаб турадиган коммунизм даври аллақачон тугаган. Буни англаб етадиган вақт аллақачон келган.
Сиз ёқтирган маънавий жиҳати
Бир ўйлаб кўрайлик, газеталардаги «ўта ноёб» маънавиятнинг шакл-у шамойили қанақа? Қандайдир мақоланинг мазмунида, дейсизми? Яшанг! Энди қўлингизни кўксингизга қўйиб жавоб беринг – ўша мақоланинг муаллифи «маънавият»ли мақоласини 2-3 минг тиражга эга газетада чоп эттиргандан кўра бир лаҳзада ўқувчига етиб борувчи, камида 50-100 минг одам кўрувчи, мақола қизиқарли бўлса турли манбалар орқали тарқалиб, кўрилиш кўрсаткичлари ҳам ошиб борувчи бирор сайтда, борингки телеграм каналда эълон қилгани яхши эмасми? Муаллиф бир, мақола бир, энг муҳими мазмун бир бўлса – амалда нима ўзгаради? Сизнинг маънавий дурдонангиз халқ учун шу қадар муҳим бўлса, нега унинг имкониятларини кенгайтириш ҳақида ўйламайсиз?
Икки лашкар
Газетачиларнинг энг «чатоқ» жиҳати – бу мавзу кўтарилиши билан ғуж бўлиб бошқаларга қарши туриб олишларида, вазиятни тўғри англаб етмасликларида, маслаҳатни умуман қабул қилмасликларида. Тушунинг, сизнинг қалқиб турган ўрнингиз аллақачон ҳеч кимга керак эмас! Лекин сизнинг тажрибангиз, салоҳиятингиз бир қобиқдан чиқарилиб тўғри йўналтирилса, кўпчиликка фойдали бўлиши мумкин. Кимдир ўз ихтиёри билан харид қилган, обуна бўлган, қизиқарли деб ҳисоблайдиган газеталар керак бўлса минг йил яшасин. Лекин кимнингдир буйруғига мўлтираб яшашни бас қилиш вақти етди.
Аргументлар
Газета ходимлари ўз ҳимоялари йўлида бир қатор аргументлар келтирадилар.
Газета мафкура – давлат керак бўлса миллион тиражда чиқариб, халққа етказиб қўйиши керак. Яхши мантиқ. Балки давлатга керакдир, аммо халққа, ўқувчига керакмикан шу? Марказий телеканаллар яна «мусаффо осмон» тизимига мустаҳкам ўтиб олишди. Рангдор лавҳаларни вақтида етказиб туришибди. Шундай пайтда мана шундай «муҳим маълумот»ларни бир ҳафта кейин ташувчи воситани кимдир кутяптими?
Сайтларда «субут» йўқ, мақолани эълон қилади ва керак бўлса ўчириб ташлайверади – бу жиҳатдан газета фарқли, албатта. Лекин газеталар бундай мақолаларни чиқармай қўя қолишади, тамом. Ёки бирор хато қилиб қўйсалар ҳам шуни биров кўриб қолмадимикан, қани имкон бўлса-ю ортга қайтиб шу хатони тўғрилай олсам, деган армонда бўлишади. Аслида бу ҳам сайтларнинг яна бир устунлик жиҳати – ортга қайтиб хатони тўғрилаш имконияти бор.
Интернет ҳамма жойда ҳам йўқ – кучли аргумент. Лекин мутелик, чорасизлик қайиғига тирмашиш дейдилар буни. Интернет муаммосини ҳал қилиш керак эмасми аслида. Эртами кечми ҳал қилинса, бу аргумент тумандек тарқайдими шунда? Бу худди шам ишлаб чиқарувчининг «мен ҳамиша керакман, чунки қишлоқда чироқ йўқ» деб мақтанишидек гап. Аслида шам ишлаб чиқарувчи бундай мақтанишга ҳақлироқ, сабаби, кимнингдир қоронғи уйини ёритяпти. Газета эса муаммо ортидан яшаётгани билан мақтаниши эмас, ўша муаммони бартараф қилишга тиришиши керак. Дарвоқе, газеталар мутасаддилари ҳеч таҳлил қилиб кўрганларми, ўз аудиториялари деб ҳисобловчи интернетсиз қишлоқларда неча киши шу газетани ўқияпти экан. Қилмаган бўлсалар айни вақти, бир қизариб оладилар.
Ривожланган давлатларда газеталар миллионлаб нусхада чиқяпти – сал пичоққа илинадиган аргумент. Лекин бу ҳам биздаги босма нашрларга қарши ишлайди аслида. Хўш, ўша хориждаги миллионлаб чиқаётган қайси нашр рақамли форматни ўз ҳолига ташлаб қўйган? Сайтини ҳам мунтазам ривожлантирмаётган, фақат қоғозга ёпишиб қолган бирорта газетани кўрсата оласизми?
Газетада тажрибали ва ақли бутун одамлар ишлайдилар, сайтларда бунинг акси – қотиб қолган қараш. Догма. Ҳеч қачон барча сайтлар саводли бўлиб кетмаганидек, барча газеталар ҳам бехато, мукаммал чиқавермаган.
Газетанинг, қоғознинг ҳиди бошқа – дебди кимдир. Шунчаки кулгили...
Сен кимсанки бизни муҳокама қиласан, десангиз керак барибир. Камина ОАВ соҳасидаги 20 йиллик фаолиятимнинг 16 йилини айнан газеталарда ўтказганман. Мен раҳбар бўлиб ишлаган икки газета тиражи 100 мингга қадар борганди. Бугун бири фаолиятини тўхтатди, иккинчиси 20 мингча атрофида.
Бу ҳолат фақат бизда эмас. Постсовет ҳудудда мафкуралардан холи тарзда чиққан «Аргументы и факты» газетаси 32 млн нусха чиққани билан Гиннессда қайд этилган. Ҳозир шу газета 1,3 млн атрофида чоп этилади. Лекин барча етакчи нашрлар каби вазиятни тўғри англаб, рақамлаштиришга ўтган ва бугунги кунда газета номидаги ойлик аудиторияси 30-40 миллионлик сайтга эга. Яъни «нариги тараф» ўрнини олиб қўйишидан аламзада бўлиш ўрнига у томон имкониятларидан ҳам вақтида фойдаланган.
«Келажак фақат сайтларники» деган фикрни илгари суриш ҳам тўғри бўлмайди. Албатта, сайтлар бир вақтда телевизор, газета ва радио бўла олишади. Лекин сўнгги пайтларда яшиндай чақновчи Телеграм каналлар тезкорликни олиб қўйиши мумкин. Буни яхши англаган етакчи сайтлар асосий ишлари билан бирга барча ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини юритадилар.
Бир мисол билан якунлагим келди: қоғоз форматига беҳад ёпишиб қолганларни ҳануз плёнкали фотоаппарат ишлатиб юрганларга ўхшатаман. Якуний мақсад сифатли сурат олиш ва тарқатиш бўлган бир пайтда рақамли тизимни қабул қилмай, плёнкани ювдириб, биттадан чоп эттириб, қўлига олиб қараб завқланишга ўхшайди бу.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
16:59 / 28.08.2022
Газета ходимлари ойлаб маош олмаяпти. Бош муҳаррир эса таҳририят ҳисобидан олинган TrailBlazer’да юради
18:00 / 21.10.2019
Австралия газеталари бош саҳифалари «цензураланган» кўринишда чиқди
11:23 / 12.10.2018
Исландияда минг кишига 796 газета тўғри келади, бизда-чи?
10:50 / 31.08.2018