Концепциянинг асосий устувор йўналишлари қуйидагиларни кўзда тутувчи тизимли чора-тадбирларни жорий қилиш орқали амалга оширилади:

Иссиқлик энергетикасини ривожлантириш

2020-2030 йилларда 13 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан 6 таси янги ИЭС лойиҳалари, 6 таси буғ-газ қурилмали, газ турбинаси ва кўмир энергия блоклари қурилиши ҳисобига мавжуд ИЭСни кенгайтириш бўйича лойиҳалар, шунингдек, Янги Ангрен ИЭСда блокларини модернизация қилиш бўйича 1 лойиҳадан иборат.

Янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилиши билан маънан ва жисмонан эскирган ИЭС блоклари босқичма-босқич фойдаланишдан чиқарилади.

Қайта тикланадиган энергия манбалари асосида энергия ишлаб чиқаришни ривожлантириш

2020-2030 йилларда қайта тикланадиган энергия манбалари орқали электр энергия ишлаб чиқаришга, айниқса қуёш энергиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Ушбу лойиҳалар фақат сармоядорлар - мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

2020-2030 йилларда 3 ГВт шамол ва 5 ГВт қуёш электр станцияларини қуриш кўзда тутилган қайта тикланадиган энергия манбаларининг ҳар йили фойдаланишга топшириладиган қувватларининг мақсадли параметрлари белгиланган.

Йирик шамол электр станциялари Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида жойлаштирилади.

Қуввати 100-500 МВт бўлган қуёш электр станцияларини асосан Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлаштириш кўзда тутилган. Республиканинг бошқа минтақаларида 50-200 МВт қувватга эга қуёш электр станциялари қурилади.

2020 йилда халқаро молия институтларининг техник кўмаги билан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида қуёш электр станциялари қурилиши учун тендерлар ўтказилади ва республиканинг бошқа минтақаларида фотоэлектр станцияларини, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари қуриш учун тендерлар эълон қилинади.

Шунингдек, республиканинг олис аҳоли пунктларида, экотуризмни ривожлантириш режалаштирилаётган минтақаларда ҳамда ягона электр энергияси тизимига уланмаган кичик қуёш электр станцияларини яратишга ҳам эътибор қаратилади.

2021-2025 йилларда 150 мингга яқин қуёш фотоэлектр станцияларини ва уй хўжаликларининг 2-2,5 фоизида сув иситгичлари ўрнатишни кўзда тутувчи мақсадли дастур тасдиқланди.