Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.
Маскга бундай мўмай мукофот топширилишига Tesla’нинг бозор нархи ярим йил ичида 100 млрд доллардан ошгани сабаб бўлган. Бу эса тадбиркорга компаниянинг 1,69 млнта акциясини олишга имкон берган. Тадбиркор ушбу акциялар ҳозирда биржада 768 доллардан сотилаётган вақтда уларни 350 доллардан сотиб олиши ва шу тариқа, ўртадаги фарқдан 706 млн доллардан кўпроқ ишлаб олиши мумкин. Бироқ компаниянинг охирги ҳисоботида бош директор акцияларни яқин 5 йилда сота олмаслиги кўрсатилган.
Маълум қилинишича, Маск 2018 йил январдан бери маош ёки пул кўринишида бонуслар олмайди. Бунинг ўрнига компания директорлар кенгаши тадбиркор билан унга акциялар билан ҳақ тўлаш тизими бўйича келишиб олган.
Бу келишув Маскга компания муайян кўрсаткичларга эришиши шарти билан 20,3 млн та акцияга 12 та опцион тўлашни кўзда тутади. Бу мукофотларнинг умумий суммаси ҳозирда 50 млрд долларга баҳоланади. Маскга айни вақтда компаниянинг 26,4 млрд долларлик акциялари тегишли.
29 апрелда Tesla қаторасига учинчи муваффақиятли чорак ҳақида ҳисобот берди. Компаниянинг январдан мартгача тушуми 5,99 млрд долларни, соф даромади 16 млн долларни ташкил қилган.












