Ўзбекистон | 09:39 / 13.05.2020
8690
2 дақиқада ўқилади

Олинмай қолинган пенсия маблағини тиклаш муддатини узайтириш таклиф қилинди 

Олинмай қолинган пенсия маблағини тиклаш муддатини узайтириш таклиф этилмоқда.

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида олинмай қолинган пенсия маблағини тиклаш муддатини узайтириш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига асосан пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланиши белгиланган.

“Бироқ, ҳозирги кунда даволанишда ёки хорижий давлатларда бўлган, 2 ёки 3 йилдан ортиқ муддатларда пенсияларини олмаган фуқаролар пенсия маблағларини тўлиқ олиш имкониятига эга эмас. Ушбу маблағларни талаб қилган вақтингда эса тўлиқ давр учун тўлаб берилмайди. Бир умр меҳнат қилиб, тегишли солиқ ва тўловларни ўз вақтида тўласанг, бироқ қариган вақтингда ўз пенсиянгни тўлиқ ололмасанг алам қилар экан. Мазкур ҳолат кўплаб пенсионерларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Шу сабабли, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига пенсия маблағларини олинмаган тўлиқ давр учун тўлаб беришни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш таклиф қилинган.

Мавзуга оид