Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Аброр Холматовга кўра, пенсия ислоҳотига доир лойиҳада фуқаролар учун пенсия тайинлашда талаб этиладиган минимал иш стажини босқичма-босқич ошириб, 15 йилга етказиш назарда тутилмоқда.
Бироқ шу билан бирга, фуқароларга иш стажини мустақил равишда шакллантириш имкониятлари ҳам яратилмоқда. Жумладан, фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ижтимоий солиқ тўласа, бу давр унинг иш стажига ҳисобланади.
“Фуқаролар ҳозирданоқ иш стажини йиғишни мақсад қилиши керак. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ижтимоий солиқ тўлаш орқали келгусидаги пенсия учун стаж шакллантириш имконияти берилмоқда. Бу механизмни фуқароларни меҳнат стажини олдиндан шакллантиришга рағбатлантирувчи норма сифатида кўриш мумкин”, – деди Холматов.
Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда пенсия тайинлаш жараёнида минимал стаж билан пенсияга чиқаётган фуқаролар улуши ортиб бормоқда. Масалан, 2010 йилда Пенсия жамғармаси ташкил этилган даврда янги тайинланган пенсияларнинг тахминан 6 фоизи минимал стаж билан тайинланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич қарийб 60 фоизга етган.
“Бу фуқароларнинг белгиланганидан юқорироқ иш стажини шакллантириш даражаси пасаяётганини кўрсатади. Бунинг сабабларидан бири — шу пайтгача иш стажини мустақил равишда жамлаш механизмининг етарли даражада мавжуд бўлмагани.
Эндиликда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва ижтимоий солиқ тўлаш орқали фуқароларга келгусидаги пенсияси учун иш стажини ўзлари шакллантириш имконияти берилмоқда.
Минимал стаж ҳам бирданига эмас, босқичма-босқич оширилади. Масалан, етти йил талаби кейинчалик саккиз йилга, ундан сўнг тўққиз йилга ва шу тарзда ошириб борилади”, – деди у.
Жамғарманинг яна бир масъули Сардор Файзуллаев эса Халқаро меҳнат ташкилотининг 102-сон конвенсиясида пенсия тайинлаш учун минимал иш стажи 15 йилдан кам бўлмаслиги тавсия этилганини таъкидлади.
“Бу ўзгариш айнан конвенсия талаби сабабли киритилмоқда, дегани эмас. Асосий мақсад — фуқароларни узоқроқ ва расмий ишлашга рағбатлантириш.
Масалан, эркак киши 18 ёшидан меҳнат фаолиятини бошласа ва 60 ёшида пенсияга чиқса, унинг меҳнат фаолияти 42 йилни ташкил этади. Амалдаги етти йиллик минимал стаж талаб қилинса, бу унинг 42 йиллик меҳнат фаолиятининг атиги 17 фоизига тенг. 42 йил меҳнат қилиши мумкин бўлган фуқаро учун етти йиллик стаж талаби жуда кичик улушни ташкил қилади. Бу эса келгусида унинг пенсияси минимал миқдорда қолишига олиб келиши мумкин” – деди у.

















