2026 йилги АҚШ Конгрессига оралиқ сайловга 4 кун қолганида тахминан 51 миллион сайловчи овоз бериб бўлди. Рўйхатга олинган сайловчиларнинг бешдан бир қисмидан кўпроғи муддатидан олдин ўз овозини берди. Bloomberg хабарига кўра, бу кўрсаткич 2022 йилги рекордни янгилаган — ўшанда муддатидан олдин овоз беришда 45,9 миллиондан ортиқ америкалик иштирок этган эди.
Овоз берувчиларнинг партиявий мансублиги кузатиб бориладиган 27 та штатда муддатидан олдин топширилган бюллетенларнинг 43 фоизи демократлар, 31 фоизи эса республикачилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Флорида университети ҳузуридаги Сайловни ўрганиш лабораторияси директори Майкл Макдоналд сўзларига кўра, «муддатидан олдин овоз бераётган сайловчилар кўпроқ Демократик партияга мойиллик билдирди». Унинг қўшимча қилишича, бевосита сайлов куни электорат одатда республикачилар томон оғади.
3 ноябрь куни АҚШда оралиқ сайлов бўлиб ўтади. Унда Вакиллар палатасининг барча 435 нафар аъзоси, 100 нафар сенатордан 35 нафари ҳамда 36 та штат губернатори қайта сайланади. Республикачилар Конгресснинг иккала палатаси устидан назоратни сақлаб қолиши ва шу орқали АҚШ президенти Доналд Трампга иккинчи муддатининг қолган икки йилида ўз сиёсатини тўсиқларсиз юритиш имкониятини таъминлаб бера олиши ушбу сайлов натижаларига боғлиқ.












