Ўзбекистон | 11:07 / 19.05.2020
8138
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк раисига янги матбуот котиби тайинланди

Акмал Назаров 2020 йил январь ойидан буён Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 16 майдаги қарорига асосан Акмал Назаров Марказий банк раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Марказий банк хабарига кўра, лавозимга тайинлов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосасига кўра амалга оширилди.

А.Назаров Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетининг бакалавр босқичини, Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетининг Жамоатчилик билан алоқалар йўналиши бўйича магистратура босқичини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2004 йилда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида шарҳловчи лавозимида бошлаган. Кейинчалик “Poytaxt FM” радиосида янгиликлар муҳаррири, “Банк ахборотномаси” – “Банковские вести” газеталари мухбири, “Бозор, пул ва кредит” журнали Инновациялар бўлими муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.

2008-2018 йиллар давомида “Банк ахборотномаси” – “Банковские вести” газеталарида бош муҳаррир лавозимида самарали меҳнат қилган. 2018-2019 йилларда Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармасида катта инспектор, бош инспектор бўлиб фаолият юритган.

А.Назаров 2020 йил январь ойидан буён Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид