Ўзбекистон | 09:24 / 20.05.2020
5886
4 дақиқада ўқилади

Пиллачилик ва тутчилик ташкилотлари харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

Пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига тутзорларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуриш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тасдиқланади.

Фото: Dreamstime

Вазирлар Маҳкамасининг “Пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига тутзорларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуриш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Янги интенсив мевали ва озуқа тут плантацияларини ташкил этишда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида:

жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун субсидияларнинг базавий ҳисоблаш миқдори экин майдонининг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўмгача;

майдони 35 гектардан зиёд тутзорларда сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади.

Агар шартномада сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш ва сув чиқариш учун бурғиланган суғориш қудуқлари, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станцияларини қуришга сарфланган харажатлар белгиланган субсидия миқдоридан кам бўлган тақдирда, субсидия шартномада назарда тутилган суммага ажратилади.

Пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига янги тут плантацияларида томчилатиб суғориш технологиясини сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуриш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси бюджетидан фақат бир маротаба ажратилади.

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ҳар бир гектар янги интенсив тут плантацияси майдонига субсидия миқдори унинг базавий ҳисоблаш миқдорига ерларнинг бонитет балларидан келиб чиқадиган коэффициентни кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Ҳар бир туманда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш ва (ёки) сув чиқариш учун бурғиланган суғориш қудуқлари, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станцияларини қуриш истагини билдирган талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва жойига чиқиб ўрганиш, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этиладиган ва сув чиқариш учун бурғиланган суғориш қудуқлари, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станциялари қуриладиган ер участкаларининг майдонлари, шарт-шароитлари, ер бонитет балли ва шўрланиш даражаси, етиштириладиган янги интенсив тут плантациясига мослиги, сув ва электр энергияси билан таъминланганлик даражаси ва бошқа томонларини кўриб чиқиш, шунингдек, талабгорларнинг молиявий ҳолатини ўрганиш натижалари юзасидан хулосалар бериш мақсадида ишчи комиссияси тузилади.

Талабгорлар келгуси йилда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ва (ёки) сув чиқариш учун бурғиланган суғориш қудуқлари, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станцияларини қуриш бўйича ҳар календарь йилининг 1 октябрга қадар туман ишчи комиссиясининг ишини ташкил этувчи “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятига ариза билан мурожаат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид