Ўзбекистон | 13:44 / 20.05.2020
5478
3 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатасида криптовалюта билан боғлиқ қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар зиммасига нисбатан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бажариш мажбуриятини юклайди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар криптовалюта билан боғлиқ қўшимча киритишни назарда тутган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Парламент сайтида хабар қилинишича, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига бош прокурор томонидан қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган.
     
Қайд этилганидек, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар учун ички назорат қоидалари тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда, бундай органлар бўлмаган ҳолда эса, махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Ўз навбатида, крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни олиб бораётган шахслар ушбу қонун билан белгиланган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар рўйхатига киритилмаган.

Лойиҳа асосида “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар қаторига крипто-актив айланмаси соҳасида фаолиятини амалга оширувчи шахсларни ҳам киритишга оид нормани жорий этиш назарда тутилмоқда.  

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар зиммасига нисбатан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бажариш мажбуриятини юклайди. Шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун ички назорат қоидаларини қабул қилиш ва тасдиқлашга ҳуқуқий асос яратади.

Савол жавоблардан сўнг лойиҳа овозга қўйилди ва қабул қилинди.

Мавзуга оид