Ҳужум пухта тайёрланган ва жуда тез амалга оширилган. Американинг TRM Labs блокчейн таҳлил компанияси маълумотига кўра, ҳакерлар 29 октябр куни Binance’нинг 10 та блокчейндаги ҳамёнларига ҳужум қилган. Тошкент вақти билан бу 30 октябрга ўтар кечаси содир этилган. Маблағнинг катта қисми тахминан 20 дақиқада олиб чиқилган.

Binance’нинг дастлабки текширувига кўра, барчаси бир муҳандиснинг ҳакерлар кириб олган ноутбукидан бошланган бўлиши мумкин. Ҳакер шу компютер орқали биржанинг ички тизимига кириб, рухсатсиз пул ечиш буйруқларини юборган.

Ҳужум қандай уюштирилгани ҳақида турли тахминлар бор. Хусусан, TRM’га кўра, ҳакерлар Binance ҳамёнларига маблағни ўзлари бошқарадиган ҳамёнларга ўтказиш буйруғини бера олган. 2025 йилда Bybit’дан ҳам пул худди шу усулда ўғриланганди.

Токиодаги Mt Gox биржасининг собиқ раҳбари Марк Карпелес ҳакерлар Binance’нинг камида икки ҳамёни махфий калитларини қўлга киритган бўлиши мумкинлигини айтди. Binance эса калитлар ҳақидаги маълумот сизиб чиққанига далил топилмаганини маълум қилган.

Binance ҳужуми крипто соҳасидаги ўғриликлар занжирининг давоми бўлди. TRM маълумотига кўра, 2025 йилда 150 га яқин ҳужумда жами 2,9 млрд долларлик криптовалюта ўғриланган. 2026 йил сентябрда эса Bitget биржаси ўз платформасидан қарийб 350 млн доллар ўғриланганини маълум қилганди.

Зарар қанча ва кимга тегади?

Йўқотилган пулнинг бир қисмини қайтариш имкони бор. Reuters’нинг ёзишича, Binance ҳамкорлари билан бирга 3 млрд долларга яқин активни музлатди. Жумладан, стейблкоин чиқарувчи Tether ва Circle компаниялари 2,3 млрд доллардан ортиқ маблағни блоклади. Ripple компанияси қарийб 200 млн долларни, АҚШ президенти Доналд Трамп оиласи билан боғлиқ World Liberty Financial эса 29 млн долларга яқин активни музлатди. TRM’га кўра, ҳакерлар қўлида музлатиб бўлмайдиган 2,4 млрд долларлик биткоин ва Ethereum қолган.

Ҳужум биржа мижозларига ҳам таъсир қилди. Binance’да 335 млн фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Биржа пул ечишни тўхтатди ва уни 48 соат ичида тиклашни кутмоқда. Binance ҳаммуассиси ва бош директорларидан бири Йи Ҳе компания «ҳакерликдан кўрилган барча зарар»ни қоплашини айтди. Бунинг учун мижозларни ҳимоя қилиш фонди ва компаниянинг ўз маблағидан фойдаланилади. Аммо бу фондда атиги 1 млрд долларлик биткоин бор, ўғриланган сумма эса ундан олти баравардан кўп.