Бразилияда илк ҳолат 26 февраль куни қайд этилганди / Getty Images

Бразилияда касалланиш ҳолатлари сони 400 мингга яқинлашган, мамлакат касалланиш даражаси бўйича жаҳонда иккинчи ўринда бормоқда. Мексика, Чили ва Перуда ҳам Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари юқори тезликда ўсмоқда.

Минтақада илк ҳолат 26 февраль куни Бразилияда қайд этилганди ва тез орада касаллик бутун қитъага ёйилди. Айни вақтга келиб Лотин Америкада касалланиш ҳолатлари сони 750 мингдан ошган, 40 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Ҳозирча касалликдан ўлим даражаси Европа ва АҚШдагидан кўра пастроқ, аммо экспертлар бу ҳудудларда аҳолини тест қилиш даражаси паст бўлгани туфайли барча ўлим ҳолатлари қайд этилмаётганини айтишмоқда.

Энг юқори ўлим даражаси аҳоли нисбатан энг зич бўлган ҳудудларда - Мексика (8 мингдан ортиқ) ва Бразилияда (24 мингдан ортиқ)  қайд этилмоқда.

Шу билан биргаликда, айни вақтда АҚШ ва Европа давлатларида кунлик ўлимлар сони пасаймоқда,  Лотин Америкасида эса кунлик ўлимлар сони кундан кунга ортмоқда.

Доктор Карисса Этьеннинг сўзларига кўра, Лотин Америкаси эпидемиянинг янги ўчоғига айланганига ҳеч қандай шубҳа йўқ

Бразилия, Мексика ва Перуда ҳар икки-уч ҳафтада ўлимлар сони икки баробарга кўпаймоқда.

Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Карисса Этьен «бу минтақа пандемия марказига айланганига ҳеч қандай шубҳа қолмагани» ҳақида гапирди.

Экспертлар Лотин Америкасида эпидемия ўз чўққисидан ҳали ўтмаганини қайд этишмоқда.

Бу вақтда Еврокомиссия Европа Иттифоқининг пандемиядан катта зарар кўрган давлатлари учун 750 млрд евро ажратишга қарор қилди.

Пандемия туфайли келиб чиққан иқтисодий инқироз ЕИнинг барча 27 аъзо-давлатига таъсир қилди, аммо айрим давлатларда эпидемиягача ҳам ишлар яхши эмасди ва уларнинг ташқи қарзлари сезиларли даражада ўсиб кетди.

Асосий ёрдам пакетлари пандемия туфайли энг кўп жабр кўрган Италия ва Испанияга ажратилади.