DW расмий натижаларга таяниб хабар беришича, 25 октябр куни ўтказилган овоз беришда 80 ёшли, сўл марказчи Лула да Силва 51,8 фоиз, ўнг популист сенатор Флавиу Болсонару эса 48,2 фоиз овоз олган.
Нашр қайд этишича, бу Бразилия тарихида биринчи турда иккинчи ўринни эгаллаган номзод якуний овоз беришда ғалаба қозонган илк ҳолат бўлди.
Натижалар эълон қилингач, Лула тарафдорлари ғалабани нишонлаш учун кўчаларга чиққан. AFP агентлигига кўра, Рио-де-Жанейрода мушакбозлик ва вувузела садолари янграган. Сан-Паулуда эса минглаб одамлар Лула етакчилик қилаётган Меҳнаткашлар партияси рамзи бўлган қизил рангли кийимларда тўпланган.
Флавиу Болсонару натижаларни тан олмаган. Associated Press хабарига кўра, у овоз бериш вақти узайтирилганини асос қилиб, сайлов якунларини бекор қилишга чақирган.
Айни пайтда сайлов участкалари иш вақтини узайтиришни аввалроқ Лула ҳам, Болсонарунинг ўзи ҳам сўраган. Бунга айрим ҳудудларда жамоат транспортидаги муаммолар ва ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган.
Олий суд судьяси Криштиану Занин участкалар режа бўйича ёпилишига уч дақиқа қолганида овоз беришни яна икки соатга узайтириш ҳақида қарор чиқарган.
Лула да Силва президентлик лавозимини тўртинчи марта эгаллайди. Бу муддатлар кетма-кет эмас.
Унинг қайта сайланиш учун кураши аҳолининг турмуш қимматлашуви ва жиноятчилик ўсишидан хавотири шароитида кечган. Сайлов кампаниясига коррупция можаролари, иқтисодий беқарорлик ҳамда АҚШ аралашуви ҳақидаги айбловлар ҳамроҳ бўлган.

















