Ўзбекистон | 09:16 / 02.06.2020
5070
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби очиқланди

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги малака сертификатини бериш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида амалга оширилади.

Давлат тили бўйича имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича ҳудудий Марказда ўтказилади.

Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш давлат тилини билишга қўйиладиган минимал талаблар асосида тест шаклида амалга оширилади.

Давлат тилини билиш даражасини аниқлашга тайёргарлик кўриш, тест материалларини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилади.

Талабгор давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовида қатнашиш учун ариза билан Марказга шахсан ўзи мурожаат қилиб қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (ҳужжатдан нусха олиниб асли эгасига қайтариб берилади);

3,5 х 4,5 см ўлчамли рангли, орқа фони оқ рангдаги фотосурат;

давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Талабгордан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан сўнг, талабгорга тест синовидан ўтиш рухсат берилади.

Тест синови ўтказиш учун ҳафтанинг маълум куни белгиланади.

Тест синови Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар иштирокида ўтказилади.

Тест саволлари сони 20 та бўлиб, 30 дақиқа вақт берилади.

Тест синови якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам (15 баллдан кам) балл олган талабгор ўтмаган деб ҳисобланади ва қайта қатнашиш учун, тест синовлари ўтказилган кундан бошлаб камида бир ойдан кейин, белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилиб тўлов тўлаган тақдирда тест синовларига қўйилади.

Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида тўлов тўланади.

Талабгор кўрсатилган ҳужжатларни Марказга топширганидан сўнг Марказ ва талабгор ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.

Тест синовидан муваффақиятли ўтган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида, Марказ буйруғи асосида сертификат берилади.

Мавзуга оид