Мустақиллик байрами арафасида имзоланган президент фармони билан, 264 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.

Хабарда айтилишича, 2016 йилдан буён қарийб 26 минг нафарга яқин шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

Шунингдек, фуқароликни тан олиш институтининг жорий этилиши натижасида 60 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинди.

“Фуқаролик паспорти биз учун энг олий унвон десак ҳам бўлади. Бунинг учун президентимизга ўз миннатдорчилимни билдираман”, дейди Тожикистонда туғилиб, 26 йилдан буён Тошкент вилоятида яшаётган Хурсаной Жумабоева.

“2000 йилда Тожикистондан кўчиб келганман. Йиллар давомида Тожикистонга ўта олмадим. Онам раҳматли ўтиб кетди, ҳатто охирги манзилига кузата олмадим – менга энг аламлиси ўша... Қолган ҳамма нарсани унутса бўлади, лекин ўшани унутиб бўлмайди”, – дейди у.

“40 йил кутдим мана шу нарсани. Мана энди мен – Ўзбекистон фуқаросиман. Фахрланаман жаннатмакон Ўзбекистонда яшаганимдан. Юртбошимиз омон бўлсинлар”, – дейди Робия Қаҳҳорова.

Қайд этилишича, янги фармон билан фуқароликка қабул қилинган 264 ватандошнинг 90 нафари Сурхондарёда, 47 нафари Тошкент вилоятида, 39 нафари Қорақалпоғистонда, 38 нафари Сирдарё вилоятида, 15 нафари Самарқанд вилоятида, 1 нафари эса Бухоро вилоятида истиқомат қилади.

“Ўзбекистонга 10 ёшимда келганман. Шу ерда мактабда ўқидим, фуқаролигим йўқлиги учун ўқишларга киролмадим, давлат ишларига кириб ишлолмадим. Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига, мана, фуқаро бўлдим – паспорт олдим”, – дейди сирдарёлик Матлуба Жўраева.

“Бу кунларни 40 йилдан бери кутдим. Президентимизга раҳмат, байрамларга яна бизнинг кайфиятимизни кўтардилар. 1979 йилда келин бўлиб тушганман... Сайловларда қатнашаман, бемалол Тожикистонга ўта оламан энди”, – дейди сирдарёлик бошқа бир ватандош Адолат Маликова.