Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова партия электорати учун муҳим бўлган яна бир оғриқли масалани кўтариб чиқди:

– Хизмат тақозоси билан оиласида ногиронлиги бор болаларни парвариш қилаётган оналар билан кўп учрашганман. Оиланинг шароити қандай бўлишидан қатъий назар, бу оналарнинг кўзида юрагингизни ўртаб юборар даражада дард, мунгни кўрасиз. Она учун тўққиз ой бағрида кўтариб, тўлғоқ азобларига чидаб дунёга келтирган фарзандида нуқсон борлигини кўришдан ҳам катта азоб бўлмаса керак.
Халқимиз болажон, фарзандида қандай касаллик ёки нуқсон бўлишидан қатъий назар, уни бағрига босади ва аксар ҳолатда оиласида тарбия ва парвариш қилади.
Кўплаб давлатларда бундай оилалар давлат томонидан моддий рағбатлантирилади. Сабаби, ногиронлиги бор болани давлат муассасаларида парвариш қилиш учун анча катта маблағ сарфланиши керак.
Хўш, бизда-чи?.. Ногиронлиги бор бола учун ҳар ойда 460 минг сўм нафақа белгиланган. Она 55 ёшга етгач, унга ижтимоий нафақа (унинг бугунги миқдори 268 минг сўм) ажратилади. Яхши, лекин бу болани парвариш қилаётган она ёки ота меҳнат қобилияти бўла туриб, ишлаш имкони йўқ. Шундай ҳолатда йиллар давомида қаровчи нима эвазига кун кўриши керак? Оилада бир эмас, бир неча ногиронлиги бор болалар ёки ўзини эплай олмайдиган беморларга қараётган юртдошларимизнинг таъминотини ким ўйлайди?
Кўпчилик ҳолатларда оиласида ногиронлиги бор шахслар яшайдиган оилалар камбағаллиги аниқланмоқда. Сабаби жуда чуқур ва маълум.
Шунинг учун Халқ демократик партияси болаликдан ногирон фарзандини ёки биринчи гуруҳ ногирони бўлган оила аъзосини парвариш қилаётган фуқароларимизга ҳам нафақа тайинлаш таклифи билан чиқмоқда. Бу жамиятимизда ижтимоий адолат ўрнатиш йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлади, дейди М.Ворисова.
Қонун лойиҳасига янги меъёр киритиш ҳам, яхши меъёрларни асраб қолиш ҳам бирдек муҳим. Айни кунларда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатасида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Бунга жиддий сабаблар бор.
Аввало, амалдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 14 йил олдин қабул қилинган бўлиб, унда ногиронликка асосан тиббий тушунча сифатида ёндошилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли акс эттирилмаган.
















