Подкастнинг навбатдаги меҳмони — Ислом тараққиёт банки ходими, аудит ва консалтингда 15 йилдан ортиқ тажрибага эга ислом молияси эксперти Хондамир Нусратхўжаев.

Суҳбатда ишонч ва тизим, ташқи ва шаръий аудит, устоз ва селебритилар обрўсидан рекламада фойдаланиш, назоратчиларнинг касбий ахлоқи ҳамда инвесторлар учун амалий тавсиялар ҳақида сўз юритилди.

«Ҳалол инвестиция» пулингиз қайтишини кафолатламайди

Ўзбекистонда ислом молиясига қизиқиш ортиб бормоқда. Одамлар ўз маблағларини шариат талабларига мувофиқ йўллар билан кўпайтиришни истайди. Бундай талаб ортидан турли инвестиция платформалари ҳам пайдо бўлмоқда. Бироқ уларнинг фаолияти, маблағларни бошқариш тартиби ва инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши билан боғлиқ саволлар ҳам кўпаймоқда.

«Нима дард?» подкастининг навбатдаги меҳмони Хондамир Нусратхўжаевнинг фикрича, бу соҳадаги энг катта муаммолардан бири — одамларнинг инвестицияни фақат ишонч асосида амалга ошираётганидир.

Эксперт инвестициянинг шариатга мувофиқлиги билан унинг молиявий жиҳатдан хавфсизлигини бир-биридан фарқлаш зарурлигини таъкидлайди.

— Битимнинг ҳалол бўлиши унинг яхши инвестиция эканини англатмайди. Муробаҳа шартномаси шариатга мувофиқ тузилган бўлиши мумкин. Лекин бизнес модели нотўғри ёки зарар келтирадиган бўлса, инвестор барибир пулини йўқотиши мумкин, — дейди у.

Унинг тушунтиришича, инвестициянинг ўзида табиий рисклар мавжуд. Иқтисодий инқироз, бозордаги ўзгаришлар ёки мижозларнинг тўловга қобилиятсизлиги сабабли зарар кўрилиши мумкин. Аммо бошқарувчи компаниянинг хатоси, маблағларни мақсадсиз ишлатиши ёки суиистеъмол қилиши оқибатида келиб чиққан зарар бошқа масала.

Шу боис эксперт инвестиция платформаларининг асосий вазифаси фақат шариатга мувофиқ шартномалар тузиш эмас, балки инвестор маблағларини ишончли назорат қилиш тизимини яратиш эканини айтади.

«Ишонч — стартер, тизим эса двигател»

Хондамир Нусратхўжаев 2026 йил январь ойида инвестиция платформалари асосчиларига мурожаат қилиб, маблағларни ажратиб сақлаш, мустақил аудитдан ўтиш ва инвесторларга молиявий ҳисоботларни очиқ тақдим этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Унинг айтишича, ўша даврда бир нечта инвестиция платформаси унга маслаҳат ёки реклама масаласида мурожаат қилган. Аммо у инвесторларнинг ҳуқуқлари етарлича ҳимоя қилинганига ишонч ҳосил қилмагунча бундай лойиҳаларни реклама қилишдан бош тортган.