Ўзбекистон | 15:19 / 05.06.2020
20396
3 дақиқада ўқилади

МТВ боғчалар фаолиятини тиклаш борасида қўйиладиган талабларни ишлаб чиқмоқда

Талаб этилувчи хавфсизлик чораларини таъминлаб бера олувчи хусусий МТТ 2020 йил 15 июндан фаолиятини бошлаши мумкин.

Мактабгача таълим вазирлиги Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика Махсус комиссияси “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда, МТТ раҳбарияти ва ходимлари томонидан зарур хавфсизлик чораларини таъминланган ҳолда, ушбу ташкилотлар фаолиятини қайта тиклашга рухсат берилиши ҳақида қарор қабул қилинганлигини маълум қилди.

Билдирилишича, айни вақтда Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлиги, халқаро ташкилотлар, ЮНИCЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан МТТ фаолиятини тиклаш борасида қўйиладиган талаблар тартибини ўз ичига олган низом ишлаб чиқилмоқда. 

Талаб этилувчи хавфсизлик чораларини таъминлаб бера олувчи хусусий МТТ 2020 йил 15 июндан фаолиятини бошлаши мумкин.

“Айни дамда Мактабгача таълим вазирлиги МТТ фаолияти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча шароитларни яратиш, жумладан, уларда тарбияланувчилар овқатланишини ташкил этиш учун озиқ-овқатларни харид қилиш, ҳимоя воситаларини сотиб олиш, ўрнатиш ва дезинфекция қилиш, МТТ ходимларини меҳнат таътилидан ишга чақириш бўйича тегишли расмийлаштириш бўйича ташкилий ишларни амалга оширмоқда.

Ҳозирги вақтда барча МТТ раҳбарияти ва ходимлари олдидаги энг муҳим вазифа - бу болалар хавфсизлигини таъминлашдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Мактабгача таълим вазирлиги МТТ тарбияланувчилари учун хавфсиз шароит яратиш борасидаги ишларни амалга оширишга маълум вақт талаб этилиши билан боғлиқ вазиятга тўғри баҳо беришингиз ва тушунишингизни сўрайди.

Мактабгача таълим вазирлиги барча ҳолатларни инобатга олиб, давлат МТТ фаолиятини хавфсиз ва сифатини таъминлаш мақсадида айни вақтда ишлаб чиқаётган жадвали асосида ДМТТнинг фаолияти 15 июндан 1 июлгача амалга оширилади. Ушбу жадвал Мактабгача таълим вазирлигининг расмий манбаларида эълон қилинади. 

Карантин чоралари юмшатилишидан қатъий назар Сизларни ҳушёрликни йўқотмаслик, коронавирусга қарши кураш Республика махсус комиссияси талабларига тўла риоя қилиш, ўзингиз ва яқинларингизни асрашга чақирамиз. Сизлардан ўзингиз ёки фарзандингизда тана ҳарорати кўтарилиши, нафас қисилиши, қуруқ йўтал, ҳолсизлик белгилари пайдо бўлган заҳоти шифокорга дарҳол мурожаат қилиш ва бу ҳақида МТТ ходимларига хабар беришингизни сўраймиз”, - дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид