Фарғонада давлат боғчасида 6 ёшли бола ток уриши ҳолати юзасидан бошқа масъуллар ҳам судланиши мумкин. Фарғона вилояти судлари ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ЖИБ Фарғона шаҳар судининг ҳукмига кўра боғча тарбиячиси, “Фахр” ХК иш юритувчиси ва Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси электромонтёри Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга тегишли жазолар тайинланган.

Шунингдек, суднинг ҳукми билан судланувчилардан бола отаси фойдасига 45 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириш белгиланган.

Бундан ташқари, апелляция суди томонидан боғча мудири, “Фахр” МЧЖ раҳбари ва туман электр таъминоти корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Фарғона шаҳар прокурорига ажрим киритилган. 

Айни пайтда боланинг отаси томонидан Фарғона вилоят судига тафтиш тартибида шикоят келтирилган бўлиб, суд давомида жазо ва зарар суммаси қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz аввалроқ Фарғона шаҳрида жойлашган
66-сон давлат боғчасида 6 ёшли бола ер остига ўрнатилган, атрофи ўралмаган юқори кучланишли трансформатор пунктига тушиб кетиб, жиддий
жароҳат олгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Боланинг отаси
Kun.uz'га қайта мурожаат йўллаб, ўғлида куйиш асоратлари қолгани, тегишли ташкилотлар жавобгарликдан қочаётгани, бўлиб ўтган суд ҳукмидан норози эканини маълум қилди. 

“Мен ўша куни ўғлимни боғчага соғ-омон топширган эдим. Ўғлимни қўлимдан олишсин, чет элга олиб боришадими ёки ўзимизда даволашадими, тузатиб беришсин. Дори олиш учун ёки бошқа бир заруратдан телефон қилсангиз, айб ишни қилиб қўйганлар кўтаришмайди. Хоҳласа жавоб беради, хоҳламаса йўқ”, деган ота.