– Фожиа сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси фаолияти, ўрганиш жараёни қандай кечаётгани ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кам. Сизнингча, комиссия фаолияти шаффоф олиб борилаяптими? Минглаб уйлар вайрон бўлишига, ўн минглаб оилалар кўчада қолишига, миллиардлаб талафотларга сабаб бўлган фалокат оқибатлари аслида қандай ўрганилиши керак? Комиссия фаолияти ҳақида жамоатчиликка ҳисобот бериб бориши керакми ёки бунга зарурат йўқ деб ҳисоблайсизми? Сиз яшаётган мамлакат – Канадада бундай фалокатлар қай тарзда ўрганилади?

– Комиссия очиқ матбуотда ўз хулосаларини, жараён қандай бораётганини мунтазам равишда – ҳафтасига бир марта, ойда икки марта чиқиш қилиб, халққа билдириб бориши лозим. Канада каби ривожланган давлатларда бу иш шундай ташкил қилинади. Комиссиянинг иши шаффоф ташкил қилинади. У ерда эълон қилиш мумкин бўлмаган ва мумкин бўлган маълумотлар бор. Бу ҳақида ҳеч ким баҳслашмайди, лекин халқ билишга ҳақли бўлган маълумотлар ўз вақтида етказиб турилади.

Бу жараёнда журналистларнинг ҳам роли кўп. Канадада бундай фалокатлар бўлган тақдирда журналистлар комиссия аъзоларига тинчлик бермаган бўларди. Керак бўлса, иш жойига боради, иш жойидан топа олмаса, уйига боради. Уйидан топа олмаса, йўлда ушлайди, лекин маълумот олади. Ўзбекистонда ҳам матбуот бироз аччиқлашиши керак, фақат хориждаги ёки Ўзбекистондаги мутахассислар эмас, айнан комиссия таркибига кирганлар билан жонли мулоқотлар қилиши, улардан керакли маълумотларни олиши халқ учун жуда ҳам муҳим.

Ўзбекистонда кейинги даврда бўлаётган ўзгаришлар халқнинг анчагина жонланганини, маълумотга чанқоқлигини кўрсатади. Мен ёзган мақола аслида бироз мураккаб, мутахассислар учун ёзилган бўлса ҳам, 200 мингдан ортиқ одам қизиқиб ўқиган. Чунки бутун халқ фожиа сабабларини ва сабабчиларини билишни истайди. Бунда журналистларнинг роли ҳам катта бўлиши керак.

– Дейлик, тўғон қурилишига оид барча ҳужжатлар, фожиадан кейинги маълумотлар сизга тақдим этилса, масофадан туриб бўлса ҳам фалокат бўйича экспертлик хулосангизни бера оласизми?

– Шу ватан фарзанди сифатида, албатта, фойдам тегишини истардим. Шунинг учун ҳам мақола ёздим, сиз билан суҳбатлашяпман. Лекин сиз кўтараётган масала жуда ҳам жиддий.

Бу ерда иккита муаммо бор. Биринчидан, ҳуқуқий масала. Мен Канадада давлат ишида ишлайман. Икки давлат ўртасида келишув бўлмаган тақдирда бундай жараёнга аралаша олмайман.

Иккинчидан, масофадан туриб лойиҳа-смета ҳужжатлари, қурилиш ҳужжатларини ўзим текшириб, хулосани бера оламанми, деган саволга йўқ деган бўлардим. Чунки сиз мутахассис эмассиз, у ерда кўриб чиқилиши керак бўлган маълумотлар, ҳужжатлар ҳажмини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Лойиҳа-смета ҳужжатлари бир неча жилд бўлиши мумкин, бир неча юз варақ бўлиш мумкин. Уларнинг ҳар бирини синчиклаб ўрганишим, инженерлик ҳисоб-китобларимни қилишим шарт. Бу юзаки баҳо берадиган нарса эмас.