«Сардоба» сув омборида 1 май куни рўй берган техноген фалокат, ундан аввалроқ Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол оқибатида уйларнинг вайрон бўлиши, Тошкент метроси қурилишидаги фожиа ва бошқа кўплаб қурилишда рўй бераётган турли даражадаги ҳалокатларга фикр билдиришни ўзимнинг инсоний, профессионал ва маънавий-аҳлоқий бурчим деб билдим.

Ҳозирда, бу фалокатлар қурилиш соҳасида чуқур илдиз отган коррупция туфайли рўй бергани ҳақида кўп гапирилмоқда. Масаланинг бу томонини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қолдирган ҳолда, мен бир профессионал инженер ва лойиҳаларни бошқарувчи мутахассис сифатида «Сардоба» сув омборидаги фалокат сабаблари, Ўзбекистонда қурилиш соҳаси, инженерлик соҳаси ва қурилиш жараёнида инженернинг иштироки хақида ўз фикр-мулоҳазаларимни билдиришни, ҳамда қурилиш соҳасини яхшилаш борасида баъзи бир тавсияларимни баён этишни истар эдим.

Шарофиддин Қарабоев

Сардоба сув омборидаги фалокат сабаблари бўйича менда иккита тахмин бор:

1. Лойиҳалаш жараёнидаги хатолар

2. Қурилиш жараёнида техник меъёрлар бузилиши

Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқайлик.

1. Лойиҳалаш жараёнидаги эҳтимолий хатолар

a) Сув омбори учун нотўғри жой танланган бўлиши мумкин. Қурилиш мўлжалланган ҳудудда тупроқнинг таркибий қисми ва хоссалари, хусусиятларини аниқлаш ва таҳлил қилиш керак эди. Қурилишнинг иқтисодга, одамлар ҳаётига, табиатга, иқлимга ва ҳайвонот оламига ижобий ва салбий таъсирини ўрганиш ва таҳлил қилиш зарур эди. Эҳтимолий ҳалокат оқибатлари олдиндан моделлаштирилиб, фалокат натижасида келтириладиган зарар тахминан ҳисоб-китоб этилиши ва агар зарар миқдори катта бўлса, сув омбори қурилишни бошқа жойга кўчиришлари лозим эди.

б) Тўғон деворларининг сув массаси босимига чидамлилик даражасини ва тўғон қурилишида ишлатиладиган материалларнинг сув таъсирида емирилиш даражаси тўғри аниқланмаган бўлиши мумкин.

Одатда, сув омборлари стратегик объектлар ҳисобланади, шунинг учун ҳам бундай объектни лойиҳалашга жиддий ёндашилади. Бу eрда асосий эътибор тўғон деворларининг сув массаси босимига чидамлилик даражасини ва тўғон қурилишида ишлатиладиган материалларнинг сув таъсирида емирилиш даражасини тўғри аниқлашга қаратилади. Яъни тўғон ҳам босимга, ҳам эрозияга чидамли бўлиши керак.

Агар қурилишда ишлатиладиган материаллар юқоридаги талабларга жавоб бермаса, у ҳолда деворлар мустаҳкамлигини ошириш учун бетон ва арматура ишлатиш шарт бўлади.