4та ҳудудда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун махсус бинолар қурилиши охирига етказилмаган. Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди
Навоий Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида маъмурий қамоқ ўташ муддати белгиланган шахслар сақланадиган маъмурий қамоқ бинолари қурилиши белгиланган муддатда ниҳоясига етказилмаган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан мазкур масала бўйича Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга парламент сўрови юборилди.
«Қонунчилик амалиётида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунлар, давлат дастурлари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган муҳим масалалар юзасидан парламент сўрови юбориш тартиби мавжуд. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 11 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Шунингдек, бир нечта вазирлик, жумладан Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга парламент сўровлари юборилди.
Гап шундаки, 2017 йил 9 январда қабул қилинган «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунга асосан мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ой ўтгач кучга кириши белгиланган эди. Бунинг сабаби маъмурий қамоқ ўташ муддати белгиланган шахслар сақланадиган маъмурий қамоқ биноларини қуриб битказиш талаб этиларди. Тошкент шаҳрида (150 ўринли), Тошкент, Фарғона, Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида (75 ўринли) ҳамда Андижон ва Жиззах вилоятларида (60 ўринли) махсус қабулхона бинолари қуриб битказилди холос.
Айрим вилоятларда, хусусан, Навоий Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида махсус қабулхоналар қурилиши бугунги кунда ҳам ниҳоясига етказилмаган», дейди қуйи палата ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов.
Қайд этилишича, парламент сўровида ички ишлар вазиридан маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида тўлиқ ахборот бериш сўралган.