Пўлат Бобожонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
Муқаддам 7,5 йил мобайнида ички ишлар вазири бўлган Бобожонов 2025 йил мартидан буён президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаевнинг ўринбосари эди.
Бугун Ғофуржон Мирзаев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси этиб тайинланди.
Манбаларга кўра, Бобожонов энди уюшмада унга ўринбосарликни давом эттиради.
Шунингдек, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Садуллаев уюшма раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
Кадрлар бўйича маслаҳатчи лавозими тугатилди
Президент администрацияси тузилмасини мақбуллаштириш ишлари доирасида президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди.
Шунингдек, давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан яқин ҳамкорлик қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Комплаенс хизматининг қўшимча фаолият йўналиши этиб белгиланди.
Маҳалла институти фаолияти самарадорлигини янада ошириш эса Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмасининг қўшимча фаолият йўналиши сифатида белгиланди.
















