Ички ишлар вазирининг буйруғи лойиҳаси билан 2017 йилда тасдиқланган вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, ҳибсхоналарга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга шахслар рўйхатига Омбудсманнинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари, шунингдек, Болалар омбудсмани киритилади.
Амалдаги қоидаларда бундай ҳуқуқ Омбудсман, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари учун белгиланган.
Таклиф этилаётган таҳрирда мазкур шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳибсхона маъмурияти зиммасига юклатилмоқда.
Лойиҳада қамоққа олинганларни тергов ҳибсхоналаридан вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига ўтказиш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда.
Бундай ўтказиш тергов ҳаракатлари ёки суд мажлисларини тергов ҳибсхонаси жойлашган аҳоли пунктидан ташқарида ўтказиш зарур бўлганда, шахсни у ерга ҳар куни олиб бориш имкони бўлмаган ҳолларда қўлланади. Вақтинча ўтказиш муддати бир ой давомида кўпи билан ўн суткани ташкил этиши назарда тутилган.
Ўтказиш учун суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг шахсни бошқа ерга кўчириш тўғрисидаги қарори ёхуд суд ажрими асос бўлади. Бунда амалдаги қоидалардаги асослар қаторига суриштирувчининг қарори ҳам қўшилмоқда.
Шунингдек, қамоққа олинган шахсни тергов ҳибсхонасига масофа олислиги ёки лозим даражадаги қатнов йўллари йўқлиги сабабли олиб бориш имкони бўлмаган ҳолатларга оид қоидага ҳам суриштирувчи киритилмоқда. Бу ҳолатларда унинг прокурор билан келишилган қарори асосида шахсни вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ўттиз суткагача сақлаш назарда тутилган.
Ушлаб туриш баённомасини расмийлаштиришга оид бандларда эса Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддасига ҳаволаларни 225-моддасига алмаштириш таклиф этилмоқда.
Ҳужжат ҳозирча лойиҳа бўлиб, унда буйруқнинг санаси ва рақами кўрсатилмаган. Қабул қилинса, расмий эълон қилинган кундан кучга кириши белгиланган.








