Ўзбекистонда ярим йил ичида қамоқ жазоси олганлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпайди. Бу ҳақда Олий суд ҳисоботида келтириб ўтилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда жами 11 703 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2133 нафарга кўп.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида икки нафар маҳбусга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. Қамоқ жазосига ҳукм қилинганларнинг 179 нафари қасддан одам ўлдириш, 1 376 нафари оғир ва ўртача оғир тан жароҳати етказиш, 1 789 нафари безорилик билан боғлиқ жиноят содир қилган.
Қамалганларнинг қарийб ярми (5 788 киши) наркожиноятлар бўйича айбли деб топилган. Коррупция жиноятлари бўйича 3605 нафар шахс судланиб, уларнинг 779 нафари озодликдан маҳрум қилинган.
Энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилган — 2 030 нафар. Фарғона вилоятида 1 462 нафар ва Тошкент вилоятида 1 452 нафар шахс қамалган. Энг кам қамалганлар эса Қорақалпоғистонда — 317 нафар.
















