Ўзбекистонда «қизил» бўлмаган ҳудудларда 15 июндан бошлаб хусусий боғчалар фаолиятига рухсат берилган эди. Мактабгача таълим вазирлиги давлат МТТлари ҳамон ёпиқ қолаётганини қуйидаги чоралар кўрилаётгани билан изоҳлади:
- 6 мингдан зиёд давлат МТТларини амалдаги «Ўзбекистон Республикасида МТТлар фаолиятини ташкил этиш, таъминлаш ва иш тартиби бўйича Санитария-гигиена талаблари» СанПиН 0355-18 норма ва қоидаларига кўра ювиш, антисептик ва дезинфексия воситалари, шунингдек масофадан ишловчи пирометрлар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
- 2020 йил мартида МТТлар фаолияти тўхтатилаётгани боис, озиқ-овқат маҳсулотлари бузилиб қолишининг олдини олиш мақсадида барча омборлар бўшатилганини инобатга олган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш;
- ўқув йили бошланишига МТТларда таъмирлаш, улар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, МТТлар фаолияти тўхтаган даврда, у ерда ишчилар бўлмагани сабабли қониқарсиз кўринишга келиб қолган дарахтларни буташ, экинларни парваришлаш, ўйин майдончаларини тартибга келтириш;
- МТТлар биноси ва ҳудудини дезинфекция қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталик ҳудудий марказлари билан ҳамкорликда уларнинг тайёргарлигини кўрикдан ўтказиш;
- карантин даврида молиялаштириш тўхтатилганини инобатга олган ҳолда, МТТ очилишига тайёргарлик кўриш учун зарур бўлган маблағларни жалб этиш борасидаги ишларни режавий амалга ошириш;
- МТТларга қайтаётган ходимлар ва тарбияланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши учун шароит яратиш;
- «қизил» ҳудудларда яшовчи тарбияланувчиларнинг келиши ва ходимларнинг ишга жалб этилиши билан боғлиқ хатарларни пасайтириш (аҳоли ва МТТ ходимлари учун ноқулайликлар минимал даражада бўлиши шарти билан) борасидаги масалаларни ҳал қилиш.
«Айни дамда МТВ томонидан бутун республика бўйича ота-оналар фикри ўрганилмоқда ва шу йўл билан ҳозирги эпидемиологик ҳолатда болаларини боғчага юборишни хоҳламаётган оилалар аниқланмоқда.
Пандемия шароитида маълум МТТлардаги ота-оналар тўла таркибда болаларини боғчага юборишни истамасалар, алоҳида МТТларнинг ушбу ота-оналар аъзолигидаги Кузатув кенгаши томонидан ташкилот фаолиятини тиклашга эҳтиёж йўқлиги ҳақида қарор қабул қилинади», – дейилади хабарда.
Вазирлик баёнотида давлат МТТларидан фарқли ўлароқ, хусусий боғчалар фаолияти тикланишига рухсат берилгани юзасидан келиб чиққан норозиликларга изоҳ берилган.
















