Ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимов вафот этди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдуқаҳҳор Иброҳимов вафот этди. Бу ҳақда уюшма хабарида айтилган.
Абдуқаҳҳор Иброҳимов Тошкентнинг Кўкча даҳасида 1939 йилнинг 16 августида дунёга келган.1957-1962 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. 1975-1977 йилларда Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиган.
Республика Маданият ишлари вазирлиги қошидаги Санъат ишлари бошқармасида бош муҳаррир, 1990-1993 йилларда Республика Президенти Девонида маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатади. 1994 йилдан буён республика «Маънавият ва маърифат» марказида хизмат қилган.
Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Арра», «Мени айтди деманг», «Зўлдир», «Бир ўликка бир тирик», «Бу замон ўғлони», «Тусмол», «Сочқи», «Майли, майли», «Офарин», «Пуч», «Шайтон йўли» комедиялари Тошкент ва вилоят театрлари саҳналарида қўйилган.
Унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени берилган.