Ҳазорасп тумани, «Овшар» қишлоғи, Истиқлол маҳалласидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги 2005 йилда Дўстжон Хакимов томонидан пахта-ғалла йўналиши бўйича ташкил қилинган. 2019 йилдаги «оптималлаштириш» натижасида ер майдонлари 108,6 гектарга етказилган. Касби мелиоратор-ирригатор бўлган 66 ёшли Дўстжон ака фермер хўжалигини бошқариб келмоқда.

Ҳоким ерни захирага қайтариш ва фермер хўжалигини тугатиш жараёнини бошлаш ҳақида қарор чиқарди

2020 йил 17 апрель куни Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов томонидан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигига тегишли 108,6 гектар ерни давлат захирасига қайтариш, фермер хўжалигини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш жараёнини амалга ошириш, ерларни эса қайта танловга қўйиш ҳақида қарор чиқарилди.

Дўстжон Хакимов бундай қарор чиққани ҳақидаги хабарни тасодифан, далада ишлаб юрганида танишидан эшитиб қолган. Шундан сўнг фермер бу қарор устидан Адлия вазирлигига шикоят қилди. Президентнинг 5780-сонли фармонига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ваколати тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилганди. Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан кўрилган «таъсир чоралари»дан сўнг, Ҳазорасп тумани ҳокимининг 2020 йил 17 апрель кунги қарори бекор қилинди.

Аммо, қонун устуворлиги таъминланганидан хурсанд бўлган фермернинг қувончи узоқ чўзилмади.

2020 йил 12 май куни Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани кенгаши бир қатор фермер хўжаликлари, жумладан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Унда «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги «шартномавий шартларни бажармасдан, белгиланган экин турларини экмасдан, ер ижара шартномасини тузмасдан ҳамда агротехник тадбирларни қўпол равишда бузган ҳолда ерлардан нотўғри фойдаланиб келаётгани» шартномани бекор қилишга асос бўлиши кўрсатилган.

2020 йил 1 июнь куни Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг 108,6 гектар ерини давлат захирасига қайтаришни сўраб, Иқтисодий судга даъво аризаси киритди.

Фермер ерини захирага қайтариш учун «асос» бўлган ҳолатлар ва рақамлардаги ажабтовур чалкашликлар

Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг судга киритган даъвосида «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги томонидан йўл қўйилган бир қатор «камчиликлар», жумладан, 2019 йил ҳосили учун (!) 22 гектар ерга пахта экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 23,1 гектар экилгани (1,1 гектар ортиқча), 10,6 гектар ер майдонига ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 15,3 гектар (4,7 гектар ортиқча) экилгани кўрсатилган.