Хоразм вилоятида Урганч халқаро аэропорти ва Хива вокзали ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” хабарига кўра, бу йўналишда йўловчиларга Хитойда ишлаб чиқарилган тезюрар электропоезд хизмат кўрсатади. Қатнов – кунига бир марта.

Поезд Урганч аэровокзалидан соат 8:40 да жўнаб кетади, 08:59–09:02 оралиғида Урганч вокзалида бўлади, Хивага соат 09:22 да етиб боради.

Ортга қайтишда эса соат 21:00 да Хивадан жўнайди, 21:20–21:23 оралиғида Урганч вокзалида бўлади ва 21:42 да Урганч аэровокзалига етиб боради.

Чипта нархлари – катталар учун 25 минг сўм, болалар учун 14 минг сўм.

Чипталарни ticket.eletropoyezd.uz сайти орқали сотиб олиш мумкин. Маълумот учун 1005 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

CR200J русумли поезд Хитойнинг CCRC Dalian Co. Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

“Мазкур электропоезд 6 та вагондан иборат бўлиб, 415 нафар йўловчига мўлжалланган. Поезднинг ҳаракат тезлиги 160 км/соатни ташкил этади.

Электропоездда йўловчилар учун “Эконом” тоифасидаги замонавий ва қулай ўриндиқлар, ҳар бир ўриндиқда USB қувватлантириш қурилмалари, вагон ичидаги иқлимни меъёрида сақлаш имконини берувчи иқлим назорати тизими мавжуд. Шунингдек, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун махсус жойлар кўзда тутилган”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бу лойиҳа учун Урганч аэропортини Урганч вокзали билан боғловчи 11 километрлик янги темирйўл линияси қурилди. 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев бу янги линия билан танишган эди. Расмийларга кўра, бу – Ўзбекистон учун аэропортга темирйўл олиб келиш билан боғлиқ биринчи лойиҳа ҳисобланади.