«Матч» телеканали расмий сайти «Сиз танишишингиз шарт бўлган Россия Премьер-лигасининг бўлажак юлдузи» - сарлавҳаси остидаги мақоласида «Уфа» клуби сафида тўп сураётган 19 ёшли ўзбекистонлик яримҳимоячи Остон Ўрунов билан суҳбатни эълон қилди. Монолог шаклидаги интервьюда Ўруновнинг футболга кириб келиши, кечинмалари, оиласи ҳамда орзу ва мақсадлари ҳақида ҳикоя қилинган.

200 минг евролик трансфер

«Уфа» яқин йилларда Европанинг катта клубларида тўп суриши керак бўлган ҳали сайқалланмаган янги «олмос»ни топиб олди. Бу – Остон Ўруновдир. 19 ёшли ўзбек иқтидори қишки трансфер ойнасида 200 минг евро (айрим манбаларда 150 минг) эвазига Тошкентнинг «Локомотив» клубидан Россияга келди.

Остон 19 ёшга кирган бўлса-да, аллақачон 50дан ортиқ ўйинларда майдонга тушиб, Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги энг яхши ёш футболчиси номига сазовор бўлди, ўсмирлар, ёшлар ва ҳаттоки мамлакат миллий жамоасида дебютини ўтказишга улгурди. У рус тилида ҳали бурро гапира олмаса-да, Премьер-лига баҳсларида рақибга қарши ўзига ишонган ҳолда дриблингга кириша олади.

«Пахтакор»да ўйнашни истамайман, уйга қайтаман...»

– Ўзбекистоннинг Навоий шаҳрида туғилганман – кичик, аммо жуда чиройли. У ер озода ва яхши шаҳар, – дея гап бошлади Остон.

– Футбол ўйнашни кўчада бошлаганман. Ҳар куни 3 соатдан тўп тепардик. Майдон бўлмаса-да, ажойиб дамлар эди. Асфальт устидан ўйнардик.

9 ёшимда отамдан мени футбол мактабига олиб боришини сўрадим. Дадам – жуда меҳрибон, ҳеч қачон қаттиқ тергамаган. Табиатан бироз жиззакироқ бўлганман. Кўча боласи бўлиб, доим муштлашиб юрардим. Қолаверса, 1-2 йил каратэда қатнаганим боис, гоҳида ўзимни кўрсатишга уринганман. Ҳозир эса ўз анча босилдим.

Мактабда ўқиб юрганимда шаҳар терма жамоасига қабул қилиниб, Фарғонадаги турнирда қатнашадиган бўлдик. Мусобақада «Пахтакор» академияси селекционер мураббийлари эътиборига тушганман ва 12 ёшимда уйдан 450 километр узоққа кўчишимга тўғри келган. Бу жуда катта синов бўлган. Гоҳида ота-онамни соғиниб йиғлардим, қўнғироқ қилиб мени уйга қайтариб олиб боришларини сўрардим. «Пахтакор»да ўйнашни истамайман, уйга қайтаман», деб хархаша қилганман. Кейинчалик эса орзуинг учун сабр қилиш кераклигини тушуниб етдим.