Жаҳон | 11:30 / 18.07.2020
37098
2 дақиқада ўқилади

АҚШда қора ўлат юқтириб олган инсон аниқланди

АҚШнинг Колорадо штатида яшовчи инсонда қора ўлат аниқланди, деб хабар берди Denver Post газетаси.

Фото: Reuters

Бу 2015 йилдан бери юз берган илк ҳолат бўлиб, касаллик олмахондан юққанлиги тахмин қилинмоқда. Ҳозирги вақтда бу инсон соғайиб кетган. Шифокорлар эса хавотирга ўрин йўқ деб ҳисоблашмоқда.

14 июль куни Колорадо штатида қора ўлатдан зарарланган олмахон аниқланган эди. У штат пойтахти Денвер яқинидаги Моррисон шаҳрида  ўта хавфли юқумли касалликнинг илк ташувчиси сифатида қайд этилган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, хавфсизлик чораларига амал қилинса, касалликни юқтириб олиш эҳтимоли жуда кам, эпидемиянинг авж олиши ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Июль ойининг бошида Ғарбий Мўғулистонда қора ўлат тарқалиб кетгани маълум бўлган эди. 27 ёшли эркак ва ёши кўрсатилмаган аёл касаллик аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Аёлнинг аҳволи жуда оғирлиги, касаллик аломатлари пайдо бўлганидан кейин у билан бевосита 60 одам, билвосита 400 одам контактда бўлгани хабар берилди. Касаллик юқишига иккаласининг ҳам суғур гўштини истеъмол қилгани сабаб бўлган.

Мавзуга оид