Иқтисодиёт | 16:38 / 23.07.2020
3026
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда 69 минг тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатган – ССП

Бугун, 23 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ислом Жасимов томонидан тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, жорий йилда 69 минг тадбиркорлик субеъкти пандемия билан боғлиқ бўлмаган тарзда ўз фаолиятини тўхтатган. Савдо-саноат палатаси олдига жорий йилнинг 9 ой якунига кўра, уларнинг 70 фоизи фаолиятини қайта тиклаш вазифаси қўйилган.

«Бу тадбиркорлик субъектларининг нима сабабдан фаолияти тўхтагани ўрганилганда 2та асосий муаммо аниқланди. Янги корхоналар фаолиятининг илк 2-3 ойлик даврида давлат томонидан белгиланган имтиёзлар ва кўмаклардан фойдаланмаса, тегишли органлар уларга ёрдам бермаса, тадбиркорлик субъектлари ўз ишини тўхтатяпти. Ўтган йилнинг ўзида энди ташкил этилган 23 минг тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Бу биринчи муаммо ҳисобланади.

Ҳозир тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш қийин эмас: уларни ярим соатда қайд этиш мумкин. Лекин доимий фаолият юритиш қийин ҳисобланади. Агар тадбиркорда бизнес юритиш билан боғлиқ етарли билим бўлмаса, у фаолиятини давом эттиришга қийналиши мумкин. Бу кейинги асосий муаммодир», дея маълумот берди Ислом Жасимов.

ССП вакили палата тадбиркорларни бизнес асослари бўйича ўқитиб боришни йўлга қўйгани ва жорий йилда 11 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркор ўқитилгани ҳақида маълумот берди.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид