Ўзбекистон | 17:02 / 27.07.2020
16900
3 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида мулкдорлар ва ошхона эгаларига қандай имтиёзлар берилмоқда?

Айнан ҳозирги мураккаб давр­да аҳолини, хусусан умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда қўшимча равишда қандай имтиёзлар берилмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров ушбу масала юзасидан билдирган ахбороти парламент ахборот хизмати томонидан эълон қилинган

Унга кўра, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади. Шунингдек, бу даврда жисмоний шахслар ҳам кўчмас мулкларини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этиляпти.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинмоқда. Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтириляпти.

Қолаверса, умумий овқатланиш корхоналарида 2020 йил 1 июлдан бошлаб белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилиши, бу соҳада ҳам рўйхатдан ўтмасдан фаолият олиб бораётган ходимлари фаолиятини қонунлаштиришдан манфаатдорликни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналарига ўзларига туташ бўш ер участ­каларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқи берилиши, улар томонидан пандемия шароитида ҳам мижозларга хавфсиз хизмат кўрсатишни таъминлашга хизмат қилади.

Эндиликда тадбиркорлик субъектларига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан, фақатгина давлат солиқ хизмати органларини савдо муддати, маҳсулоти ва транспорт тўхташи таъқиқланмаган жойларни кўрсатган ҳолда электрон (онлайн) хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автотсис­терна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи тақдим этилиши айни вазиятда аҳолига қулайлик ва аҳоли ҳаракатланишини камайтириб, хавф­сизликни таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, кичик тадбиркорлик субъектлари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича ҳамда микрофирма ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича берилган имтиёзлар муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилмоқда.

Мавзуга оид