«Ўз оти билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлгандан кейин у ерда бизга Covid-19 билан касалланганларни даволамаймиз. Ушбу муассасада юрагида у ёки бу сурункали хасталиги бор одам режали равишда бир йилда бир ёки икки марта албатта даволаниши керак. Шу жумладан вазиримиз ҳам.

Бу ерда коронавирус тўғрисида гап йўқ. Мен кечаям гаплашдим, бугун ҳам гаплашдим. Кайфиятлари ёмон эмас, яхши. Худо хоҳласа 3-4 кун ичида даволаниб чиқадилар.

Юракда ёшга хос бўлган ўзгаришлар бўлади. Бундай ўзгаришлар вазиримиздаям, биздаям бор. Бундай ҳолатларда режали муолажаларни олгандан кейин ҳаммаси изига тушади. Алишер Шодмонов ҳам тез орада биз билан бирга яна фаол ишлай бошлайди деб ўйлайман», деди Ҳабибулла Оқилов.

30 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар шароитда режали даволаш муолажаларини олаётгани, беморнинг аҳволи қониқарли экан ҳақида хабар берилганди.

Кейинроқ бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев зиммасига Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини вақтинча бажариш юклангани маълум қилинди.